Спорт | 14:42 / 16.07.2019
14278
2 дақиқада ўқилади

Темур Кападзе ҳам «Локомотив»дан кетди. У «Пахтакор»га қайтмоқда

Темур Кападзе «Локомотив»нинг U-21 жамоаси мураббийи лавозимидан кетди.

37 ёшли мутахассис Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда «Пахтакор»га ишга ўтаётганини маълум қилди.

Кападзенинг айтишича, «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе клубнинг ёшлар жамоасидан кўнгли тўлмаётгани боис уни «шерлар» ўринбосарларига устозлик қилишга таклиф этган.

Маълумот учун, Темур 2017 йил охирида футболчилик фаолиятини якунлагач, 2018 йил февралида Ўзбекистон миллий жамоасига вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланган ва термани 4та ўйинда майдонга бошлаб тушган эди. Ўша йил апрелида эса «Локомотив»да ёрдамчи мураббий сифатида иш бошлаганди.

Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида «Пахтакор» академиясида ҳам раҳбар ўзгарган, Бахтиёр Дадаматов ўрнига Ислом Аҳмедов академия директори этиб тайинланган эди.

Аввалроқ Ўзбекистон миллий жамоасининг яқин ўтмишдаги бошқа бир футболчиси Азиз Ҳайдаров ҳам «Локомотив»ни тарк этгани, у футболчилик фаолиятига якун ясаб, ЎФАда Терма жамоалар бўлими бошлиғи сифатида иш бошлаши хабар қилинганди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид