Спорт | 12:20 / 18.07.2019
20588
7 дақиқада ўқилади

Де Лигт – сўнгги штрих. «Ювентус» орзулар жамоасини йиғмоқда

Италия чемпиони нидерландиялик марказий ҳимоячи Маттейс де Лигт трансферини эълон қилди. Бу футболчи учун туринликлар «Аякс»га бонуслар билан бирга 85,5 миллион евро тўлайди. Ушбу 19 ёшли футболчи 16 июль куни кечаси футболчи Туринга учиб келди ва 17 июль куни янги жамоаси учун тиббий кўрикдан ўтди. 18 июль куни янги клуби билан 5 йиллик шартномага имзо чекди.

Игуаин юки

Бир йил муқаддам Чемпионлар лигаси ғолиблиги орзусидаги «Ювентус» босслари ниҳоят бу борада қатъий қадам ташлашди ва Криштиану Роналду трансфери учун катта маблағ сарфлашди (117 миллион евро). Лекин улар шуни ҳисобга олишмагандики, «Олтин тўп»нинг 5 карра ғолиби қанчалик моҳир бўлмасин, сеҳргар эмасди. Қиролга мулозимлар керак бўлади, жамоанинг ўша вақтдаги таркиби эса жиддий қайта қуришларга муҳтож эди ва бу иш учун шунчаки юлдузларни сотиб олиш билан кифоя эмасди. Шу билан биргаликда, бу жараёнда молиявий фейр-плейга риоя қилиш зарурати юзага келарди ва жамоа классик марказий форварди Гонсало Игуаин хизматларидан воз кечишга мажбур бўлганди. Аргентиналик ҳужумчи бундан қаттиқ ранжиганди. У «Милан»да ёш Кутронедан яхшироқ ўйнай олмади ва миланликлар А Серия кашфиёти Пёнтекка ишонч билдиришди. «Челси»га, севимли мураббий Маурисио Сарри ёнига бориш ҳам вазиятни ўзгартирмади. Муваффақиятсиз мавсумдан кейин унга ҳеч ким ишонч билдирмаяпти, аммо унинг ўзи ҳеч қаерга кетмаяпти. У «Вест Ҳэм»да ижара асосида ўйнашга рози бўлмади, эндиликда уни Джекони сотиши мумкин бўлган «Рома»га сотиш варианти устида ишлашмоқда. Хабарларга кўра, Туриндагилар ёши ўтиб қолган тажрибали ҳужумчидан кўра вундеркинд Кинга ишонч билдиришмоқда.

Янги яримҳимоя чизиғи ва ҳимояда топ даражадаги футболчи

Лекин бу муаммо – туринликларнинг мусаффо осмонидаги шунчаки булутча. Клуб иккита асосий вазифани уддалади. Майдон маркази янгиланди. Айтишларича, Сарри Лондондан ўзининг севимли футболчиси Жоржиньони олиб келмоқчи бўлганди. Бу мавзуни ҳозир ҳам эслаб туришибди, аммо «Челси» янги футболчиларни сафга қабул қилиш имкониятидан маҳрум бўлгач, италиялик мутахассис собиқ клубига ёмонлик қилиб ўтирмади. Қолаверса, «Ювентус»да Пьянич бор, босниялик футболчининг атрофидагилар эса ўзгармоқда. Матюиди ва Хедиранинг ёши ўтиб бормоқда. Германиялик футболчи жароҳатлар туфайли охирги мавсумда барқарор ўйин кўрсата олмади, бу чизиқни тўлдириш учун келган Рэмси ва Рабьо машғулотлар лагерида тер тўкишни бошлашди.

Албатта, барча британияликлар билан бўлгани каби уэльслик футболчида ҳам оролдан ташқарида фаолият юритиш осон бўлмаслиги мумкин, франциялик футболчида ҳам ярим йил майдондан ташқарида бўлиш асорати бўй кўрсатиши тайин. Аммо улар ҳали ёш ва уларнинг даражаси эҳтимолий муаммоларни енгиб ўтиш учун етарлидир. Қолаверса, Рэмсини «Ювентус» афсоналаридан бири бўлган Жон Чарльз илҳомлантириши ҳам мумкин.

Умуман олганда, туринликлар клуби менежерлари ўз ишларини қилишди, «Кекса синьоралар» икки юлдузни эркин агент сифатида қўлга киритишди. Агар Игуаинни «Рома»нинг ёш футболчиси Дзаньолога алмаштиришнинг уддасидан чиқишса, «Юве»да юқори даражадаги яримҳимоя чизиғи юзага келади ва жамоа кўп йиллар давомида бу қудратини сақлаб қолиши мумкин бўлади.

Де Лигт ҳам Чемпионлар лигасини қўлга киритиш режасидаги муҳим деталдир. Бонуччи ва Кьеллини билан яна бир неча йил давомида осонлик билан скудеттони қўлга киритиш мумкин, аммо асосий еврокубок учун компанияга Касерес ёки Ругани даражасидаги эмас, топ-даражадаги ҳимоячилар ҳам керак. Ўтган мавсумдаги ўйинларда тез орада 35 ёшни қоралайдиган Кьеллинини осонлик билан ортда қолдириб кетишганини кўп марта кўрдик. Қолаверса, узлуксиз майдонга туширилган Жоржо тез-тез жароҳат оладиган бўлди.

Де Лигт жамоага қўшилганидан кейин эса жамоанинг фахрий сардорига тез-тез дам бериш мумкин бўлади.

Сарри учун чемпионлик таркиби

Ёзги трансферлардан кейин «Ювентус» заиф нуқтаси йўқ жамоадек кўрина бошлади. Лекин барчаси жуда ажойиб кўринаётган бўлсада, хавфсирашга сабаб бўлувчи бир қатор муаммолар бор. Хусусан, Жоау Канселунинг келажаги аниқ эмас. Ҳозирча уни «Манчестер Сити»га сотиш бўйича музокаралар тўхтаб қолган, агар Куадрадо Хитойга йўл олиши тўғрисидаги миш-мишлар ўзини оқласа, португалиялик футболчини ҳеч қаерга қўйиб юборишмайди. Фақат ҳужум маркази масаласи очиқ қолади. Манжукич – жангчи, меҳнаткаш ва профессионал, аммо етакчи эмас. Икарди учун эса – айниқса де Лигт учун катта пул сарфланганидан кейин – клуб «Интер» талаб қилаётган пулни (камида 60 миллион евро) бера олмаслиги мумкин. Шу билан биргаликда, миланликларнинг ўзи аргентиналик снайпер Антонио Контенинг режаларида йўқлигини айтиб, унинг нархини туширгандан туширмоқда. Форвард Швейцариядаги йиғинда қатнашмади, Осий турнесига олиб кетилмади, у кўк-қоралар базасида махсус ёлланган мураббий билан машғулот ўтказмоқда, унинг нархи яна тушиши аниқ.

Бу эса амалда «Юве» учун идеал вариант, ҳозирча Маурицио Сарри фақат ўз ихтиёридаги футболчилар билан шуғулланмоқда. Англияда бир мавсум ишлаб қайтган мутахассис Апеннинда яна 4-3-3 схемаси асосида ўйин қуриши мумкин. «Челси»да бу схемада Азардан маҳорат билан фойдаланган Саррида энди Роналду бор. Италиялик мутахассис уни чап қанотга жойлаштиради, аммо амалда у эркин ижодкор ролида бўлади. Португалиялик футболчи истаган вақтда ҳужум учлиги марказига ўта олади ҳам.

Ҳозирча мураббий ўз жамоасида Дибалага қаердан жой тепиб бериши мавҳум. Аргентиналик футболчига Массимилиано Аллегри даврида шундай схемада жой топилмаганди. Шунингдек, Туринга қайтган Буффонга қанча ўйин амалиёти берилиши сўроқ остида.

Лекин асосийси, «Ювентус»да Жижига ниҳоят Чемпионлар лигасининг бош совринини туҳфа этиш учун реал имконият бор. Албатта, таркибни Азар ва Йович билан тўлдириб олган «Реал», янги мавсумга Гризманн ва Френки де Йонг билан кириб борадиган «Барселона»да ҳам «қулоқли кубок»ни яна бир бор қўлга киритиш учун режалар бор, аммо Турин янги мавсумда Кўҳна Европада футбол пойтахти бўлишидан муждалар берилмоқда.

Мавзуга оид