Де Лигт «Ювентус»да ўзини қандай намоён қилгани ва «Бавария»да ундан нимани кутиш мумкинлигини Россиянинг Sports.ru сайти колумнисти Артём Денисов таҳлил қилишга уринди

Де Лигтнинг «Ювентус»даги муваффақияти – бу ҳақиқат 

Де Лигт «Ювентус»да асосий таркибнинг «темир» ўйинчиси бўла олди. Уч мавсумнинг ҳар бирида у ўйнаган дақиқалари бўйича энг яхши бешликдан жой олди. 2021/22 йилги мавсумда эса фақат дарвозабон Войцех Шенсни ундан ҳам кўпроқ вақт майдонга тушган. 

Нидерландияликнинг Италиядаги саргузаштларини икки босқичга бўлиш мумкин. 

Биринчиси, А Сериядаги дастлабки 3-4 ой: голга олиб келган мунтазам хатолар, жой танлашдаги хатолар, қўл билан ўйнаш ҳолатлари кўплиги (де Лигтнинг айтишича, ҳатто жамоада унинг қўллари «тўп магнитлари» деб аталган). 

Иккинчи босқич – кейинги 2,5 йил. Ҳимоячи аста-секин ўсиб борди, кучли томонларини ривожлантирди, заиф томонларини тўғрилашга ҳаракат қилди. 

Бошидаги муаммоларни осонгина тушунтириш мумкин. Биринчидан, «Юве» Кьеллинининг оғир жароҳати туфайли Маттейсни жамоага қўшиб олишга мажбур бўлганди. Де Лигт уни асосий таркибга босқичма-босқич жалб қилмоқчи бўлишганини тасдиқлаганди: «Режа шундай эди: Кьеллини ва Бонуччи майдонга тушишади, мени эса таркибга секин-аста жалб қилишади. Дарҳол жангга ташлашларига қарши эмасман, аммо бу жиддий синов бўларди». 

Иккинчидан, де Лигт янги тизимга мослашиши лозим эди. Унинг собиқ жамоаси «Аякс»да ҳимоя чизиғи юқорироқда жойлашганди. Ҳимоячи ўз позицияси ҳақида қайғурмасдан, рақиб жарима майдонига дадил борарди. Эредивизия даражасида Маттейс дуэлларда муросасиз тарзда устунлик қилди. 

Маурицио Сарри «Ювентус»да зонавий ҳимояни йўлга қўйди: ўйинчилар маконни ҳимоя қилади, рақиб футболчисини эмас. Сарри кўрсатмаларининг ўзига хослиги шундаки, у марказий ҳимоячилардан дарвоза ҳудудида қолишни талаб қилади – чунки, рақиб йўллаган тўпни тўсиб қолиш имконияти бўлади. Шу туфайли, де Лигт янги ҳимоявий моделга тезда мослаша олмади. 

«Ювентус» мураббийларидан бири Жованни Мартусcиелло илк қийинчиликларни шундай изоҳлади: «Де Лигт шериклари билан ҳамнафас ўйнаш борасида ортда қолмоқда ва ҳали ҳам позицияда хатоларга йўл қўймоқда».