Спорт | 14:49 / 19.07.2019
8701
2 дақиқада ўқилади

«Ювентус» Де Лигт тақдимотини ўтказди

Фото: Juventus F.C

«Ювентус» 2018 йилда Европанинг энг яхши ёш футболчиси деб топилган Маттейс де Лигт тақдимотини ўтказди.

19 ёшли нидерланд Туринда ҳам Амстердамдаги каби 4-рақамда ўйнайди. Унинг «Аякс»дан трансфери «бьняконери»га камида 75 млн еврога тушди. Бу миқдор бонуслар ҳисобига 85,5 млн еврогача етиши мумкин.

Бу нарх Маттейсни ўсмир ёшида энг катта пулга трансфер қилинган футболчилар рўйхатида учинчи ўринга олиб чиқади. Ундан олдинда фақат Килиан Мбаппе («Монако»дан «ПСЖ»га 180 млн евро) ва Жоау Фелиш («Бенфика»дан «Атлетико»га 126 млн евро) бор.

Де Лигт «Ювентус» билан 5 йиллик шартномага қўл қўйди ва шу асосда у йилига 12 млн евро маош олади.

Эслатиб ўтамиз, юлдуз ҳимоячи куни кеча «Аякс» каналига берган интервьюсида «Ювентус»ни танлаши сабабларига тўхталиб ўтганди.

«Итальян жамоаларининг ҳимоя чизиғи мени доим лол қолдирган. Неста, Мальдини, Барези, Ширеа ва Каннаваро каби футболчилар – менинг кумирларим қаторига киради.

Бу қарорга келишим осон бўлмади. Менда бир нечта вариант бор эди; қайси жамоани ўзим учун энг яхшиси деб ҳисоблаган бўлсам, шуни танладим.

Қароримга бир қатор омиллар таъсир қилди. Улардан бири – «Ювентус» раҳбарияти мен уларга кераклигимни ва трансферни мақсад қилиб олишганини тушунтириб беришганди», – деганди у.

Мавзуга оид