«Бавария» бу йил ёзда Европада трансферлар учун энг кўп пул сарфлаган клублардан бири бўлиб турибди. Мавсумлар оралиғида немис клуби янги футболчилар учун 120,5 миллион евро харажат қилди, бу «Манчестер Сити», «Барселона», «Челси», «ПСЖ» ва «Реал»никидан кўпроқ.

Bild нашри талқинига кўра, ҳозиргача энг кўп пул сарфлаган клублар учлиги қуйидагича:

  1. «Арсенал» – 127,06 млн евро (Габриэл Жезус – 52,2 млн евро, Фабиу Виейра – 35 млн евро, Александр Зинченко – 30 млн евро, Мэтт Тёрнер – 6,36 млн евро, Маркиньос Оливейра – 3,5 млн евро).
  2. «Бавария» – 120,5 млн евро (Маттейс де Лигт – 70 млн, Садио Мане – 32 млн, Райан Гравенберх – 18,5 млн евро)
  3. «Манчестер Сити» – 108,75 млн евро (Эрлинг Ҳоланд – 60 млн евро, Калвин Филлипс – 48,75 млн евро)

Кейинги ўринларда «Барселона» (103 млн евро), «Челси» (94,2 млн евро), «Боруссия Дортмунд» (86 млн евро), «Ливерпул» (85,8 млн евро), «Реал» (80 млн евро), «ПСЖ» (79,5 млн евро) ва «Манчестер Юнайтед» (72,37 млн евро) бормоқда.

«Бавария» нафақат харажат, балки сифат жиҳатидан ҳам бошқалардан олдинда боряпти. Бундан ташқари, немислар ҳали трансфер бозорида ишни тугатмаган.

Маттейс де Лигт  мустаҳкам ҳимоя варианти

Ҳимоячи Маттейс де Лигт – «Бавария»нинг асосий хариди. У немис клуби билан 2027 йилгача шартнома имзолади. Трансфер суммаси 67 млн евро бўлди. Мюнхен клуби бу суммани тўрт йил давомида тўлаб беради. Клублар ўртасидаги келишувда 10 млн евро миқдорида бонуслар ҳам кўзда тутилган.

«Бавария» де Лигтнинг нархини туширишга муваффақ бўлди. Дастлаб «Ювентус» камида 75 млн евро ва бонуслар талаб қилганди. Футболчи немисларга жуда қимматга тушди, аммо ортиқча тўлов миқдори жуда катта бўлди дейишга асос йўқ. Ҳали ҳам катта салоҳиятга эга 22 ёшли ҳимоячи учун мақбул нарх.

Де Лигт «Бавария» сафида ўртоқлик учрашувида илк голини уришга улгурди.
Фото: TIM NWACHUKWU/GETTY IMAGES

«Юве»да Маттейснинг иши юришмади. Нидерландиялик футболчи 2019 йилда Туринга эмас, балки «Аякс»дан «Бавария»га ўтмоқчи бўлганини тан олган эди. Де Лигтнинг орзуси амалга ошди – энди у Мюнхенда. Бундан буёғига футбол майдонида ўз салоҳиятини исботлаши керак. Маттейс ёмон бошламади. «Ди-Cи Юнайтед»га (6:2) қарши ўртоқлик ўйинида гол урди.