Ўзбекистон | 15:16 / 25.07.2019
5981
3 дақиқада ўқилади

 “Ўзбекистонда профессионал тестологлар тайёрланмайди” ─ Давлат тест маркази вакили

Фото: KUN.UZ

“Ўзбекистонда профессионал тестолог мутахассислар йўқ. Бу эса тизимда, айниқса, вилоятларда мутахассислар борасида муаммоларни келтириб чиқаради”. Бу ҳақида Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Эльвира Ураева Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган “Тест синовини ўтказишга оид давлат сиёсати: абитуриент ва педагог ходимларнинг чет тилини билиш даражасини баҳолаш” мавзусидаги матбуот анжуманида тўхталиб ўтди.

Маълумки, Давлат тест марказида чет тилини билиш даражаси бешта кўникма (грамматик ва лексик салоҳият, тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш, гапириш) асосида баҳоланади. Дастлабки учта кўникма компьютерлар ёрдамида, ёзиш ва гапириш кўникмалари инсон омили асосида, яъни мутахассислар томонидан баҳоланади. Бунда мутахассисларнинг тўғри ва холис баҳолай олиш салоҳияти хусусида ДТМ вакиллари муносабат билдирди.

“Чет тилини билиш даражасини аниқлаш учун 15 мингдан зиёд абитуриент ариза топширади. Уларни назорат қилиш, баҳолаш учун жуда кўп мутахассислар керак. Тошкент шаҳридаги имтиҳонларда текширувчиларнинг ишини назоратга олишимиз мумкин. Вилоятларда эса бу масалада ОТМ ректорларига мурожаат қиламиз, баҳоловчи комиссияга С1 даражага эга бўлган мутахассисларни жалб қилишларини сўраймиз. Бизнинг комиссияларимиздаги барча мутахассислар ҳам С1 даражага эга эмас, лекин шундай бўлишига ҳаракат қиляпмиз”, ─ дейди ДТМ вакили Эльвира Ураева.

Вакилнинг қайд этишича, ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида олинган баллар ўртасида катта тафовут бўлган ҳолларда имтиҳон жараёнида ёзиб олинган аудио ва видеоёзувлар ўрганилади, талабгорнинг иши қайта кўриб чиқилади. Давлат тест марказида 14та тил бўйича имтиҳонлар олинади, лекин имтиҳон олувчиларнинг ҳаммаси ҳам профессионал баҳоловчилар эмас.

“Мутахассисларимиз асосан филологлар, тилшунослар. Тестология, имтиҳон қабул қилиш, баҳолаш бўйича мутахассисларимизни қайта тайёрлаймиз. Хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Давлат тест маркази ходимларини қайта тайёрлаяпмиз, уларни тестологияга ихтисослаштиришга ҳаракат қиляпмиз. Ҳудудларда имтиҳон жараёнларига фақатгина ДТМ ходимларини эмас, шартнома асосида юқори малакали мутахассисларни ҳам жалб қилишга уринамиз. Ўзбекистоннинг биронта олий таълим муассасасида тестолог мутахассислар тайёрланмайди. Илмий ишлар қилинмайди, диссертациялар ёқланмайди”, ─ дейди мутахассис.

Мавзуга оид