Жамият | 15:30 / 29.07.2019
13226
8 дақиқада ўқилади

«Миллий тикланиш» партиясида кескин ўзгаришлар кутилмоқда

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан Наманган шаҳридаги Ёшлар марказида партия Дастури ҳамда партиянинг 2020-2025 йилларга мўлжалланган Сайловолди платформаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган дебат ўтказилди.

Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари, экспертлар, сиёсатшунос олимлар, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Дебатда партиянинг амалдаги Дастури, Сайловолди платформаси хусусида танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазалар билдирилди. Партия ҳужжатлари бугунги кун учун ниҳоятда муҳим бўлган вазифалар акс этиши лозимлиги ва улар электорат манфаатларига тўғридан-тўғри хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.

Хусусан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, ЎзМТДП фаоли Минҳожиддин Мирзо партия Платформаси лойиҳаси устида ҳали кўп ишлаш кераклигини таъкидлаб, Дастурда баландпарвоз гаплардан қочган ҳолда, фуқароларни қийнаб келаётган масалалар ечимини илгари суришни таклиф этди. Партия Дастурида маънавий тикланишдан маънавий юксалишга эришишнинг аниқ механизмлари акс этиши кераклигини таъкидлади.

Дебатда сўз олган ЎзМТДП фаоли Раҳимбой Жуманиёзов “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” шиорига таъриф берар экан, юксалиш бу чўққи, чўққига чиқиш учун эса билим ва маърифат зарурлигини қайд этиб, бу борада ўз таклифларини билдирди.

Дебатда партия фаолларини қизиқтирган кескин ва кескир саволларга партия етакчиси Алишер Қодиров ҳамда партия раиси ўринбосарлари Нодиржон Мухторов ва Феруза Мухамеджановалар атрофлича жавоблар қайтардилар.

Ҳамиджон Омонов,

ЎзМТДП Андижон вилоят кенгаши раиси:

- Аччиқ бўлса-да, тан олишимиз керак, одамларнинг сиёсий партияларга ишончи ижобий эмас. Чунки биз олдин аҳолининг қўлтиғини пуч ёнғоққа тўлдирдик. Тадбирларда баландпарвоз гаплардан нарига ўтмадик. Шу вазиятда бугун қандай қилиб одамларни бошқа партиялардан фарқли ўлароқ “Миллий тикланиш” партиясига қизиқтирамиз? Бу борада аниқ стратегиялар мавжудми?

Алишер Қодиров, ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси:

- Тўғри, мустақиллик миллий ўзлигимизни, ор-номус ва ғуруримизни, инсоний қадр-қимматимизни қайта уйғотди, она тилимизни, динимизни, қадрият ва анъаналаримизни қайтариб берди. Қадимий тарихимиз, миллий давлатчилигимиз тикланди. Бу бўлди миллий тикланиш ғояси энди бизга керак эмас, деган тушунчани бермайди. Миллий тикланиш деганда партия миллий ўзлик туйғусининг уйғониши ва тобора мустаҳкамланиб боришини тушунади. Миллий ўзликни англаш мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади, миллий онг инсонда Ватанга муҳаббат ҳис-туйғусини оширишда, ҳар томонлама комил инсон шахсини тарбиялашда бебаҳо ички омилдир.

Миллий ўзликни англаш тарихни ўрганишдан бошланади. Тарихни билмасдан туриб инсон ўзлигини топиши амри маҳолдир. Ўзининг миллий давлатчилик, миллий маданият ва маънавият тараққиётининг тарихий тажрибасини ўзлаштирмаган халқ миллий тикланишга қодир эмас. Миллий ўзликни англаш ва миллий тикланиш орқали биз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳаларда олдимизда турган вазифаларни муваффақиятли ҳал эта оламиз.

Иқбол Ҳолиқов, халқ депутатлари Поп туман кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат:

Ёшлар бизнинг давомчиларимиз. Бугун уларни қандай тарбияласак, миллатимиз келажаги худди шундай намоён бўлади. Ёшлар тарбиясида айни дамда ота-она, маҳалла, таълим даргоҳи ва ички ишлар органлари ўртасида турли келишмовчиликлар юзага келмоқда. Ёшлар тарбиясига ўзи аслида ким масъул, деган савол бугун кўндаланг турганда партиянинг позицияси қанақа? Ушбу масала партиянинг янги сайловолди дастурида акс этганми?

Алишер Қодиров, ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси:

- Бу саволга партиямиз жавоби тайёр. Фарзанд тарбиясига, аввало, оила масъул. Қачонгача биз мактабгача таълимда, мактаб, коллеж ва олий таълимда ёшларга тарбия берамиз. Бу даргоҳларнинг асосий мақсади аслида таълим бериш эмасми? Таълим муассасаларида таълим берилиши зарур, тарбия эмас. Бизда эса афсуски, кўп вақтимиз тарбия беришга кетиб қолмоқда. Илм-фан ривожланишига тўсиқ бўлиб турган муҳим омиллардан бири ҳам шунда.

Янги сайловолди Платформада ҳам ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшлар билан ишлаш алоҳида эътиборни талаб этади. Партиямиз уларни кадрлар захирасини шакллантириш жараёнига жалб қилиш, малакасини ошириш орқали ҳамда уларни партия фаоллари сифатида давлат хизматига илгари суриш билан уларга «ижтимоий лифт»ни таъминлаши зарур.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишни жамиятда китобга ва мутолаага меҳрни ривожлантириш орқали эришиш мумкин. Ёшлар ҳақида гап борганда, ёшларни спорт билан шуғулланишга, хусусан, ҳар бир туманда кичик спорт залларини барпо этиш орқали жалб қилиш, истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва маҳоратини ошириш самарали тизимини яратиш, мамлакатда профессионал, оммавий спорт, шу жумладан, ўйин ва қишки турлари, халқ ўйинларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга урғу бериш зарур.

Фарход Бадалбоев, ЎзМТДП Қува шаҳар кенгаши раиси:

- Сиёсий партиялар ходимлари партия ишида тобланиши, шундан сўнг давлат органлари ва ҳокимликлар тизимидаги турли лавозимларга, жумладан, депутатлик лавозимларига асосий захира бўлишлари лозим. Айни дамда партия тизимида ушбу механизм ишлаяптими? Шунингдек, партиянинг кадрлар захираси канчалик бугунги кун талабларига жавоб беради?

Нодиржон Мухторов, ЎзМТДП Марказий кенгаши раисининг ташкилий-партиявий ва кадрлар масалалари бўйича ўринбосари:

- Биз барча даражадаги давлат бошқарув органларининг раҳбар лавозимларига захира кадрлар рўйхатини шакллантирдик. Ўтган давр мобайнида партия ходимлари орасидан 89 нафари турли даражадаги давлат бошқарув органлари раҳбар лавозимларига ишга ўтказилди. Шунингдек, жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоятлар, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларда партия тизимида фаолият олиб бораётган бир қатор ходимлар номзодини илгари суришни мўлжаллаб қўйганмиз.

Муаттар Акбарова, ЎзМТДП Фарғона вилоят кенгаши девони бош мутахассиси:

- Олий Мажлис Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида мамлакатимизда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Президентимизнинг ушбу нутқларида белгиланган вазифалар партия “Аёллар қаноти”нинг келгуси фаолиятида қай даражада акс этади. Ёки “Эски ҳаммом, эски тос” қабилида партия ўз ишини давом эттирадими?

Феруза Мухамеджанова, ЎзМТДП Марказий кенгаши раисининг хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўйича ўринбосари:

- Йўқ албатта, Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисидан сўнг, партия Марказий кенгаши ва ҳудудий партия ташкилотлари ўртасида хотин-қизлар иштирокида видеоселектор шаклида семинар ташкил этдик. Унда давлатимиз раҳбарининг нутқлари мазмун-моҳияти иштирокчиларга етказилди. Партия тизимида хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Тадбирда ўртага ташланган шу каби саволлар, билдирилган таклифлар асосида партия сайловолди Платформасини янада мукаммал ҳолга келтириш, бу каби дебатларни бошқа ҳудудларда ҳам ўтказишга келишиб олинди. 

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид