Ўзбекистон | 12:10 / 29.07.2019
11505
4 дақиқада ўқилади

Ўрта тиббиёт ва фармацевтика кадрлари бўйича ҳукумат қарори қабул қилинади

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази ҳамда унинг филиаллари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат республика ўрта тиббиёт ва фармацевт кадрларининг малакасини ошириш ва ихтисослаштириш ягона тизимини жорий этиш касб даражаси ва касб лаёқатини мунтазам равишда ошириш, касбий билим ва кўникмаларни чуқурлаштириш ва янгилаш, шунингдек, республика ва жаҳон тиббиёти соҳасидаги охирги ютуқлардан самарали фойдаланишни таъминлаш ва янги технологияларни ўзлаштириш мақсадида қабул қилиниши мумкин.

Қуйидагилар Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш марказининг асосий вазифалари этиб белгиланади:

ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасалари ҳамда бўлимлари фаолиятига замонавий жаҳон талабларига жавоб берадиган, халқаро тажрибага асосланган таълим жараёнини киритиш;
 
ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимида ўқув режа ҳамда дастурларидаги назарий, амалий ўқув соатларини мақбул равишда бирга қўшиб олиб борилишини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқиш;

ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасаларининг ўқув-услубий ишларини ташкиллаштириш, уларнинг фаолиятига ташкилий-амалий ва услубий раҳбарлик қилиш;

замонавий тенденцияларга ва соғлиқни сақлашнинг амалий эҳтиёжларига мувофиқ ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимида илмий-методик ҳужжатларни, таълим жараёнини ташкил этиш механизмларини ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига Марказ ва унинг филиаллари тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

Белгилаб қўйилишича, Марказ ва унинг филиаллари ходимларига кадрлар малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш тизими таълим муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва штатлари татбиқ этилади.

Қуйидагилар Марказ ва унинг филиаллари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва мақсадли бадаллари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан келишилган ҳолда Марказ ва унинг филиаллари ўқитувчиларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифасини белгилаш тартибини ишлаб чиқади;

Марказ ва унинг филиаллари ўқитувчилари малакасини оширишни ҳар 5 йилда бир маротаба 144 соат ҳажмда ишдан ажралган ҳолда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ташкиллаштиради;

ўрта тиббиёт ходимлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш чораларини кўради;

Марказ устави ва унинг филиаллари низомини белгиланган тартибда тасдиқлайди ва давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди;

республика ҳудудларидаги ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш жараёнини ягона андозада олиб борилишини таъминлаш мақсадида малака ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизими намунавий ўқув режа ва дастурларини ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини татбиқ этган ҳолда танқидий кўриб чиқиб, тасдиқласин ҳамда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб амалиётга жорий этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид