Ўзбекистон | 07:59 / 30.07.2019
13288
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кооперация бирлашуви жорий қилинади

Фото: iStock

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси:

Самарқанд, Андижон, Тошкент, Фарғона, Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 октябрга қадар мувофиқ ҳудудларда барпо қилинадиган йирик агрологистика комплекслари учун ер майдонларини ажратиш, агрологистика комплексларини муҳандислик, йўл ва транспорт инфратузилмаларига уланишини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширади;

Бухоро ва Хоразм вилояти ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 декабрга қадар Бухоро ва Хоразм вилоятларида йирик агрологистика комплексларини барпо этиш учун халқаро молия институтлари ҳамда хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағларини жалб этиш чораларини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан кооперация бирлашувини жорий қилиш бўйича Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Зомин туманларида, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут туманларида, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува туманларида, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманларида ўтказилган тажриба-синовларнинг ижобий натижаларига кўра мазкур тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларида оммалаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сотиш (сотиш бўйича хизмат кўрсатиш), таъминот, боғдорчилик, томорқа, чорвачилик хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатувчилар томонидан аъзолик бадаллари (пайларни) киритиш асосида ташкил қилинган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари субъектлари сонини ошириш, уларга кенг имконият ва қўшимча қулайликлар яратиш мазкур соҳадаги устувор йўналишлар деб белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ва бошқа манфаатдор вазирлик, идоралар ва уюшмалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида аҳоли, томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги кооперация бирлашмаларини ташкил қилиш, кооперация асосида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва юритишни кенг жорий қилиш чораларини кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид