Ўзбекистон | 13:50 / 30.07.2019
42822
4 дақиқада ўқилади

Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон пулли йўллари бўйича маълумот берилди

Бугун, 30 июль куни Ахборот ва Оммавий коммуникациялар агентлигида Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Берилган маълумотларга кўра, 2019 йил I ярим йиллиги мобайнида Ўзбекистон Республикаси «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. ДХШ соҳасига ҳуқуқий оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди ва Адлия вазирлигига киритилди.

ДХШ лойиҳаларини амалга оширадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати (президентнинг 24та фармони, 65та қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 43та қарори инвентаризация қилинди). Натижада, президентнинг 3 фармонига, 5та қарорига ва Вазирлар Маҳкамасининг 8та қарорига ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинди.

2019 йилда амалга оширилиши режалаштирилган 15та лойиҳа тасдиқланган. Бу электр энергиясини ишлаб чиқариш, транспорт соҳаси (аэропорт, йўллар ва ҳ.к.), ижтимоий соҳа (соғлиқни сақлаш, таълим ва мактабгача таълим, спорт), телекоммуникация, коммунал хўжалик (сув таъминоти, канализация, иссиқлик, қаттиқ чиқиндилар), қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм соҳалари ҳисобланади. Ҳозирги кунда Агентлик томонидан мутассади вазирлик ва идоралар билан биргаликда қиймати 10 млрд АҚШ доллардан кўп бўлган 17та давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, қуёш, шамол энергетикаси, Буғгаз қурилмаларини ўрнатиш, Тошкент халқаро аэропорти ва вилоятлардаги аэропортларни ДХШ асосида модернизация қилиш, Тошкент-Андижон, Тошкент-Самарқанд автомобиль йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти ҳамда канализация тизимларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда стерилизация марказларини қуриш, ижтимоий дорихоналар, реабилитация марказлари, онкология марказлари ва марказий лабораторияларни барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш шулар жумласидандир.

Мухбирнинг «Тошкент-Андижон, Тошкент-Самарқанд автомобиль йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича анчадан буён хабарлар берилади. Бугунги кунда лойиҳага киришишнинг аниқ муддатлари ва инвесторлар ҳақида маълумотлар борми?» деган саволига агентлик директори Ғолиб Холжигитов жавоб берди.

«Тошкент-Андижон йўналишида пулли йўл қуриш лойиҳаси Жаҳон банки гранти асосида ўрганиляпти. Айни пайтда бирламчи изланишлар кетмоқда, йил якунига бориб якуний хулоса ҳукуматга тақдим этилади.

Тошкент-Самарқанд автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси эса Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан молиялаштирилмоқда. Бу лойиҳа ҳам жорий йил охиригача тақдим этилади. Бир нарсани таъкидлашим керак – пулли йўллар қурилган тақдирда ҳам бепул йўллар қолади ва уларни сақлаб туриш, таъмирлаш ишлари сусайтирилмайди.

Пулли йўллар эса ҳудудлараро иқтисодни ривожлантиришга хизмат қилиш орқали давлатга фойда келтирса, йўловчилар ва ҳайдовчиларга вақтни, ёқилғини тежаш имкониятини беради. Бу йўлларда тўлов тизими ҳақида гапиришга ҳали эрта», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид