15:40 / 31.07.2019
30144

Ўзбекистонда қурол қонунийлаштирилдими?

Фото: РИА Новости/Виталий Аньков

Жавобни 29.07.2019 йилдаги «Қурол тўғрисида»ги ЎРҚ-550-сон Қонундан топишга уриниб кўрамиз, деб ёзади Олег Заманов Norma нашрида.

Ҳужжат эндигина қабул қилиниб, ярим йилдан кейин кучга киришига қарамай, етарлича шов-шувга сабаб бўлди. Баҳс-мунозаралар қонун лойиҳаси жамоат муҳокамасида бўлган пайтдаёқ бошланган эди, ҳужжат Сенатда маъқулланганлиги маълум бўлгач мунозаралар яна қизғин тус олди. Айрим нашрларда бу янгилик, айнан «Ўзбекистонда қурол қонунийлаштирилади» деб тушунилади. Аслида қандай? Ҳужжат якуний шаклга ва мазмунга етганлиги боис бу масалани ойдинлаштиришга ҳаракат қиламиз.

Аввало, Қонунда келтирилган қурол ва унинг таснифи тушунчаларига тўхталамиз. Қурол – тузилишига кўра жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш, сигналлар бериш учун мўлжалланган қурилмалар ва ашёлар. Тузилиши жиҳатидан қуролга ўхшаш бўлган хўжалик-маиший ва ишлаб чиқариш мақсадидаги буюмлар сифатида сертификатланган буюмлар, шунингдек спорт аслаҳалари қурол жумласига кирмайди. 

Қурол таснифи

Фуқаровий

Ов қуроли

сойли стволли ўқотар қурол

силлиқ стволли ўқотар қурол, шу жумладан сойли қисмининг узунлиги 140 мм дан ошмайди

комбинацияланган (сойли стволли ва силлиқ стволли) ўқотар қурол, шу жумладан алмаштириладиган ва жойлаштириладиган сойли стволли ўқотар қурол

оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ва калибри 4,5 мм дан ортиқ бўлган пневматик қурол

тиғли совуқ қурол: ов пичоқлари, ов ханжарчалари ва ханжарлар

сигнал берувчи қурол

Спорт қуроли

сойли стволли ўқотар қурол

силлиқ стволли ўқотар қурол

тиғли совуқ қурол (paпиралар, шпагалар ва қиличлар)

улоқтириш қуроли (камонлар, арбалетлар ва найзалар)

оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори бўлган пневматик қурол

сигнал берувчи қурол

Ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли

газли қурол – кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддалар билан тўлдирилган газли баллончалар, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалар ва бошқа қурилмалар

электрошок қурилмалари, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмалар

Хизмат

Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни ҳимоя қилишга, табиатни ва табиий ресурсларни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус хат-хабарларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни бажариш чоғида юридик шахсларнинг ходимлари томонидан, шунингдек давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган

Жанговар

Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ДХХ, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, ДБҚ, ФВВ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ҳарбий тузилмалари қуроллантирилган, жанговар ҳаракатларни олиб бориш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган

Махсус хизмат вазифаларига эга чекланган доирадаги муассасалар ва давлат органлари мансабдор шахслари хизмат қуролини сақлаш, олиб юриш, ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Уларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан кейинроқ тасдиқланади. Жанговар қуролнинг ва унинг ўқ-дориларининг муомаласи тартиби Президент томонидан белгиланади. Яъни «оддий одамлар» қонунан хизмат ёки жанговар қуролларга эга бўла олмайди. Шу сабабли фуқаролик қуроли мавзусига ўтамиз. Бизни ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли қизиқтириши табиий. 

Қабул қилинган қарор нормаларининг таҳлили шуни кўрсатдики, жамоатчиликнинг фуқаролар оммавий қуролланиши ва бунга боғлиқ жиноятларнинг кўпайиб кетиши хавотирларга асос йўқ. Аввало, ҳужжатда тақиқловчи ва мажбурият юкловчи нормалар кўплиги шундан далолат беради. Бу бир қатор жиҳатларда ифодаланади.

Биринчидан, ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиладиган қуроллар рўйхати қатъий чекланган. Юқорида келтирилган жадвалга эътибор қилинг: шикаст етказувчи, совуқ ёки айниқса ўқотар қуроллар «қонунийлаштирилиши» ҳақида бирор сўз дейилмаган. Фақат газли (аэрозолли, калта стволли бўлмаган) ва электр шикастловчи қурилмалар келтирилган. Аслида, булар оддий тасаввурдаги қуроллар эмас, балки махсус қурилмалардир. Дарвоқе, айнан шундай атама «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасида ҳам келтирилган. Совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёлардан фойдаланиш сингари ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида ов қилиш ёки спорт қуролларини қўллаш тақиқланади.

Бунинг устига чекловлар ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролининг рухсат этилган турлари учунгина эмас, балки унинг техник тавсифларига ҳам тааллуқлидир. Ҳукумат томонидан электрошок қурилмалари ва учқун чиқаргичлар учун нормалар ҳисобланадиган чиқиш параметрлари, шунингдек газли қурол сифатида қўлланилиши тақиқланган асабни фалажлайдиган, заҳарли ва бошқа кучли таъсир кўрсатувчи моддалар билан тўлдирилган қурилмалар рўйхати тасдиқланади.

Иккинчидан, юқорида келтирилган ўзини ўзи ҳимоя қилиш қурилмаларини қурол жумласига киритиш уларни муомаласи чекланган объектлар жумласига киритади. Бунда уларни сотиб олиш, сақлаш, олиб юриш, фойдаланиш, сотиш, қайта сотиш ва мерос қилиб қолдиришнинг алоҳида тартибини назарда тутади. Хусусан:

• 18 ёшга тўлган фуқаролар ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролига эга бўлиши мумкин. Бу ҳуқуқдан маҳрум этилган шахслар доираси кенг – вояга етмаганлардан ташқари муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар, алоҳида ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилганлар ёки жиноий иш қўзғатилган шахслар, жиноий жазони ўтаётганлар, судланганлик ҳолати тугалланмаганлар ёки судланганлиги олиб ташланмаганлар ва бошқалар;

• ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини сотиб олишга рухсатнома олиш учун Миллий гвардия органига ҳужжатлар тўпламини тақдим этиш лозим, улар орасида қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тиббий хулоса бўлиши шарт. Рухсатнома 3 ойлик муддатга тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш натижаларига қараб берилади. Бироқ у қуролни олиб юриш ва фойдаланиш ҳуқуқини бермайди – бунинг учун алоҳида рухсатнома бўлиши керак. Уни Миллий гвардия сотиб олинган қурол рўйхатдан ўтказилганидан кейин беради. Ушбу ҳужжатнинг амал қилиш муддати – 3 йил, у ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини олиб ўтиш ҳуқуқини ҳам беради;

• ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини фақат ихтисослаштирилган дўконлардан (тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслардан) сотиб олиш мумкин, унга Қонунда қатор талаблар қўйилади. Уни фуқаролар ўртасида тўғридан-тўғри битим тузиш йўли билан қайта сотиш мумкин эмас, фақат лицензияланган дўконлар орқали ва Миллий гвардиянинг сотишга рухсатномаси билан қайта сотиш мумкин. Сотишга рухсатномаси бўлган шахсларгина қуролни мерос ёки ҳадя бўйича олиши мумкин;

• ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли доимий яшаш жойида, уларнинг бут сақланишини, сақлаш хавфсизлигини таъминлайдиган ва уларга бегона шахслар киришини истисно этадиган шартларга риоя этган ҳолда, қулфланадиган сейфларда ёки металл шкафларда сақланиши керак;

• оммавий тадбирлар ўтказилганда, кўнгилочар ва ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган, алкоголли маҳсулотлар реализация қилинадиган жойларда, таълим, тиббиёт муассасаларида бўлган вақтда, шунингдек маст ҳолда (алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда) ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини олиб юриш тақиқланади;

• ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини қўллаш тартиби ва ҳолатлар аниқ-равшан баён этилган. Зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини ҳимоя қилиш учун қуролни қўллаш мумкин (ЖКнинг 37, 38-моддалари, ОС Пленумининг 20.12.1996 йилдаги 39-сон қарори). Қуролни қўллашдан аввал аниқ ифодаланган тарзда огоҳлантириш керак (бундан шундай огоҳлантириш имкони бўлмаган ёхуд қўллашни кечиктириш хавф туғдирадиган ҳоллар мустасно), бунда учинчи шахсларга зарар етказмаслик керак. Қурол эгаси қурол қўлланилгани ҳақида ички ишлар органига дарҳол хабар қилиши ва жароҳатланган фуқароларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши шарт. Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида қуролни қўллаш тақиқланади (бундан фуқароларнинг ёхуд қуролни қўллаётган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб ҳужум қилганлик ҳоллари мустасно, таҳр).

Учинчидан, Қонунда нафақат қатъий кўрсатмалар берилган, балки уларга риоя қилмаслик оқибатлари ҳам назарда тутилган. Рухсатнома эгаси томонидан рухсат беришга доир талаблар ва шартлар бузилганда рухсатноманинг (сотиб олиш ёки сақлаш ёхуд олиб юриш, таҳр.) амал қилиши тўхтатилиши мумкин. Қонунбузарлик бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда, мазкур қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зарар етказилишига олиб келган бўлса, рухсатноманинг амал қилиши тугатилади.

Ниҳоят, илгаригидек зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдирганлик ёки қасддан баданга оғир шикаст етказганлик учун жиноий жавобгарлик амал қилади (ЖКнинг 100, 107-моддалари). Айнан шу сабабли қурол ишлатилганлиги оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилган ҳар бир ҳолат тўғрисида дарҳол прокурорга хабар қилиш шарт.

Шу тариқа, Қонун моҳияти қурол муомаласи ва ундан фойдаланишга нисбатан ҳуқуқий чекловлар, яъни анчайин қатъий қоида ва талаблар белгилашдан иборат. Ҳужжат ярим йилдан кейин амал қилишни бошлайди – бу муддат ичида Ҳукумат, вазирлик ва идоралар зарур қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиши ва тасдиқлатиши, жамоатчилик эса унинг мазмуни билан яхшилаб танишиб чиқиши учун имконият бўлади.

Ҳужжат 30.01.2020 йилдан кучга киради.

Top