Жамият | 23:28 / 04.08.2019
67571
4 дақиқада ўқилади

Жимликни жиноятга тенглаштириш фурсати келмадими?

Кўзлар очилиши учун «осмон гумбурлаши» керакми? Нега аввалига жимлик, кейин, вазият жиддийлашиб, бирон кор-ҳол юз берсагина ёхуд мамлакат президенти сўз очсагина масъул раҳбарлардан муносабатлар дўл каби ёғила бошлайди? Гўё масъуллар куннинг аччиқ муаммолари ҳақида шу тобгача ҳеч нарса билмаган-у, «эрта тонгда» билиб қолишди? 

Ҳокимларнинг қилғилиқлари ҳақида, «снос»лар жараёнида содир этилаётган қонунбузарликлар ҳақида аввал маълум эмасмиди? Ёки қонунийликни назорат қилувчи масъул идораларга шикоятлар бориб етмадими ёки, лоақал, масъуллар интернетга киришмайдими?  

Ой эмас — йиллаб давом этаётган, интернет сабаб омма назаридаги асосий мавзулардан бирига айланган бу муаммо ҳақида охирги кунларда депутатларнинг чиқишларини, Адлия вазири Р.Давлетовнинг, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари К.Алламжоновнинг кескин ва ўринли сўзларини ўқидик, бош вазир А.Арипов (президент топшириғи билан) ўтказган селектор мажлисларини кузатдик.  

Биргина савол — бир йил эмас, майли, 20 кун олдин қаерда эдингиз?

Мамлакат ҳаётида юз бераётган воқеаларни мунтазам кузатиб бориши ва президентга маълумот бериши лозим бўлган Президент Администрацияси раҳбари З.Низомиддинов, мамлакатда қонунийлик назоратини олиб бориши лозим бўлган Бош прокурор Н.Йўлдошев, қаерда эдингиз?  

Нега мамлакат телеканаллари, токи Президентнинг муносабати янграмагунча, «снос»лар соҳасида бўлаётган қонунбузарликлар ҳақида лом-мим дейишмади? Ижтимоий тармоқ ва интернет ОАВларида бу ҳақда қилинган «оҳ-воҳ»лар овози қулоқларига етиб бормадими?  

Қачон мамлакатимизда юз бераётган, баъзида чидаб бўлмас ҳолатларга нисбатан биз — ҳаммамиз ягона жамият ўлароқ муносабат билдиришга ўтамиз? Бу учун бизга буйруқ керакми? Виждон амрининг ўзи етарли эмасми?  

Ҳар қандай оғриқли муаммо ўз вақтида — бошланишида ўзига яраша муносабат «зарбини» тотсагина газак олиб кетиши олди олинади — ўз вақтида ечимини топиши мумкин бўлади. Бу дегани — юзлаб, минглаб, баъзида миллионлаб одамлар ўша муаммонинг аччиқ оқибатларидан суғурта қилинади, дегани. Бу — оддий мантиқий ҳақиқат. Уни демократик давлатлар яхши ўзлаштириб олишган ва бундай давлатларда масъуллар воқеаларга муносабатни ва кетидан келадиган чораларни кечиктиришмайди. Зеро, билишади — кечиктиришса, жамият уларни кечирмайди. Қатъий аҳлоқий қоида бу уларда.

Бизда эса жимлик афзал кўрилади. Нега? Чунки масъулларнинг онгида «жамият кечирмайди»нинг ўрнида бошқа бир нарсалар устун, «жамият кечирмайди» маъмурчилигимизнинг асосий меъзонига айланмаган. 

Токи давлат ходимлари учун жамият олий ҳакам эмас экан, маъмурчилик биноси шу асосда қурилмас экан, биз муаммоларга қарши бутун иммунитетини сафарбар этадиган организмга айлана олмаймиз. Балки бир аъзоси муаммолар ҳақида сигнал бериб чиранадиган, бошқа аъзоси эса жим турадиган, шу сабабдан дардларга асир бўлган танага ўхшаб тураверамиз.  

Ва токи биз жимликни жамият ўлароқ қувғин қилмас эканмиз, ўз ўрнида уни жиноятга тенглаштирмас эканмиз, ҳаётимиз муаммоларнинг доимий занжирига, чамаси, уланиб қолаверади.

Жимликни бас қилайлик, жаноблар!

Шокир ШАРИПОВ

Шокир Шарипов
Тайёрлаган Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид