Жаҳон | 07:50 / 04.08.2019
28693
2 дақиқада ўқилади

Техасдаги отишма қурбонлари сони 20 нафаргача ошди

Фото: AP Photo / Rudy Gutierrez

АҚШнинг Эль-Пасо шаҳридаги (Техас штати) супермаркетда содир этилган отишмада 20 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда журналистларга штат губернатори Грег Эббот хабар берди. 

Аввалроқ 10 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадорнинг маълум қилишича, қурбонлар орасида 3 мексикалик ҳам бор. 

Эль-Пасо полиция бошлиғи Грег Аллен 26 киши яраланганини маълум қилган.  

Отишма 3 август шаҳардаги Walmart савдо марказида юз берган. Полиция отишмада гумон қилинган бир кишини қўлга олган. 

NBC телеканали маълумотларига кўра, Далласда яшовчи 21 ёшли эркак қўлга олинган. Полиция бошлиғи гумонланувчи қўллаган қурол турини айтишдан бош тортган, бироқ баъзи материалларда у АК-47 автомати билан тасвирланганини маълум қилган. Алленнинг таъкидлашича, гумонланувчи воқеа жойида полицияга таслим бўлган.  

Полицияда жиноят сабаби ҳали ўрнатилмагани ва адоват негизидаги жиноят моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинган.  

Таъкидланишича, гумонланувчи отишмани содир этишдан олдин твиттердаги саҳифасида Янги Зеландиядаги масжидларда содир этилган ва 50 кишининг ўлимига олиб келган терактни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги манифестни эълон қилган.   

 

Мавзуга оид