Ўзбекистон | 22:40 / 05.08.2019
53307
5 дақиқада ўқилади

«Жаслиқ ўрнида қамоқхона бўлмайди» - Ички ишлар вазирлиги

2019 йил 2 август куни Президент томонидан «Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинган эди.

Бугун, 5 август куни Миллий матбуот марказида Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари томонидан ушбу қарор ижроси ва мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари Баҳромбек Одилов ва вазирлик матбуот хизмати раҳбари Қутбиддин Бурхонов иштирок этишди ҳамда журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришди. Вазир ўринбосари ушбу колония ёпилиши Ўзбекистон имижига ижобий таъсир кўрсатганини таъкидлаб, АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Памела Спратлен, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари, элчи Эдуард Стрипрайснинг фикрларини келтирди.

Баҳромбек Одилов

«2 августдаги қарор билан Жаслиқ колонияси тугатилди. Бу дегани, Жаслиқ колонияси ёпилди. Бу тарихий қарор. Аввало, бу қарор ортидан маҳбусларнинг оила-аъзоларининг мушкули осон бўлади. Уларнинг узоғи яқин бўлади. Мазкур қарорга асосан маҳбуслар уйига яқин ҳудудларга жойлаштирилади. Бунга суд қарор қилади. Бу ишлар 1 ой ичида қилиниши керак. Биз бунга тайёрмиз. Колонияда 395 маҳбус манзилига қараб жойлаштирилади. Буларнинг 10 фоизи диний-экстремистик жиноятлар содир этган маҳбуслар ҳисобланади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Жаслиқ колонияси 1999 йил ташкил этилган. Бу колонияни тугатиш сабабларидан бири, жамиятда бу ҳақида салбий фикр билдирилаётгани бўлди. Ҳар бир маҳбуснинг ортида кимдир бор. Бу колония эса, Қўнғирот туманида, туман марказидан 180 километр масофада жойлашган. Президентимиз томонидан бу колонияни тугатишда шу объектив сабаблар ҳам инобатга олинди», дея маълумот берди Қутбиддин Бурхонов.

Қутбиддин Бурхонов

Саволларга жавоб берар экан, вазир ўринбосари яна қуйидаги маълумотларни берди.

«Жаслиқ колониясида қийноқлар бўлмаган. Маҳбусларга нисбатан қийноқлар ҳозир ҳам мавжуд эмас. Ижтимоий тармоқларда кўплаб фикрлар айтилмоқда. Бу яхши ҳолат. Унинг ҳудуди қарорда келтирилганидек Нукус шаҳрида жойлашган 2-сон тергов хибсхонаси балансига ўтказилган. Мен бир нарсани аниқ айтишим мумкин, колония ўрнида қамоқхона бўлмайди. Бу аниқ. 395 нафар маҳбуснинг кейинги тақдири ҳақида айтадиган бўлсак, бизда ажратиш йўқ. Шу сабабли, бир ой ичида маҳбуснинг кейинги жазони ижро этиш муассасаси белгиланади. Бу суд қарори билан белгиланади. Бунда уларнинг яшаш жойи ва бошқа ҳолатлар инобатга олинади. Ўша ердаги ички ишлар ходимлари ҳам ўз яшаш ҳудудларидан келиб чиқиб ишларга жойланади. Колония ҳудуди келажагини комиссия ҳал қилади. Лекин аниқ айтишим мумкинки, у ерда қамоқхона бўлмайди», дея таъкидлади вазир ўринбосари.

Журналистлар колонияда энг узоқ муддат жазони ўтаган маҳбус ким эканлиги ҳақида сўралди. Лекин аниқ рақамлар, статистика келтирилмади.

Жазони ўташ муассасаларида ибодатларни амалга ошириш масаласида берилган саволга жавоб берилди.

«Биз тақиқланган деб айта олмаймиз. Авваламбор, ички тартиб деган қонун-қоида бор. Тартиб-қоида халақит қилмайдиган бўлса, амалга оширилади. Бунинг учун шароитлар мавжуд. Шароит деганда, унинг белгиланган бўш вақти бўлади», дейди вазир ўринбосари.

Саволларга берилган жавоблардан қониқиш ҳосил қилинмагани, аниқ жавоблар берилмагани ҳақидаги эътирозларга жавобан мутасаддилар баъзи маълумотлар ёпиқ эканлигини айтишди.

Қўшимча маълумотлар тақдим этиш учун Жазони ижро этиш Бош бошқармаси бошқарма бошлиғи Султанов Жамшид ҳам сўзга чиқди.

Султанов Жамшид

«Тартиб-қоида деганда ҳаммага бирдек ўрнатилувчи қоидаларни тушуниш керак. Кимгадир бошқача тартиб, яна кимгадир бошқача бўлмайди. Ҳамма учун бир хил бўлади. Бундай ишлар кун тартибига халақит қилмаслиги керак. Жазони ижро этиш муассасаларида фақат мусулмонлар жазони ўтамайди. Ким учундир намоз ибодатини бажариш вақти соат 4:00да бўлса, ким учундир рўза тутиш учун саҳарлик қилиши зарурати бўлиши мумкин. Бу кун тартибини тузишга сабаб бўлади. Кимдир эрталаб соат 3:00да, кимдир соат 4:00 да турса, кимдир умуман турмаса... Шунинг учун, шундай ягона тартиб ўрнатилган. Диний-экстремистик оқимларнинг бошланиш даври 90-йилларга бориб тақалади. У даврларда ўша ғоялар нотўғрилигини тушунтириб берадиган ҳақиқий дин уламолари ҳам йўқ эди. Ҳозирда Ислом академиялари, Ислом университетлари рағбатлантирилмоқда», дейди вазирлик вакили.

Мавзуга оид