23:30 / 06.08.2019
22042

Дунёдаги энг юпқа олтин яратилди

Олимлар олтиннинг 2 атом қалинлигидаги янги шаклини олишди, бу эса қачондир яратилган энг юпқа лист ҳисобланади. Уни электроника, тиббиёт ва саноат жараёнларида кимёвий реакцияларни тезлаштириш учун қўллаш мумкин.

Янги материалнинг қалинлиги 0,47 нанометр бўлиб, у инсон тирноғидан миллион марта юпқароқдир. 

Ўта юпқа материал синтези суюқликда кечиб, олтин-хлорли водород кислотасидан бошланади. Уни листга айлантириш учун махсус кимёвий модда қўлланиб, у икки атом қалинлигидаги листнинг ҳосил бўлишига ёрдам беради.

Лидс университети тадқиқотчилари олинган материални “олтин сувўт” деб аташган, чунки у сувда яшил рангда бўлади. 

Бундай усулда олинган ўта юпқа листлар эгилувчан бўлиб, бу уларни эгилувчи экранлар қисмлари ва шаффоф ўтказувчи дисплейларда қўллаш имконини беради. Олимларнинг фикрича, янги материал шунингдек тиббий диагностик тезкор тестлар ва сувни тозалаш тизимларида сунъий ферментлар учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. 

Top