12:35 / 06.08.2019
5098

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Маслаҳат кенгаши ташкил этилди

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Маслаҳат кенгаши ташкил этилди. 

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Маслаҳат кенгаши тўғрисидаги низом;

Маслаҳат кенгаши таркиби; 

Ассоциация фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури.

Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, Маслаҳат кенгашининг асосий вазифаларидан бири Ассоциацияни хорижга таълим олиш ва ишлаш учун чиқиб кетган ҳамда чиқишни режалаштирган ўзбекистонлик ёшларнинг кўмакчиси ва таянчига айлантиришдан иборат. 

Маслаҳат кенгаши ўзига юкланган вазифаларнинг бажарилиши бўйича президент Администрацияси ва ҳукуматга ҳар олти ойда ахборот киритади.

Қарор билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида ҳар чоракда “Ёшлар билан очиқ мулоқот кунлари”ни ташкил этиш ҳамда “Ёш ватандошлар” халқаро фестивалини ўтказиш кабилар назарда тутилган.  

Шунингдек, Ассоциация ваколатига кирадиган масалалар юзасидан ёрдам кўрсатиш учун кун-у тун хизмат кўрсатувчи ишонч телефони ва махсус веб-портал ишга туширилади.

Top