10:23 / 07.08.2019
28652

Танзила Норбоева Пан Ги Мунга таклиф билан чиқди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация айни кунларда Корея Миллий Ассамблеяси спикерининг таклифига биноан расмий ташриф билан Корея Республикасида бўлиб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, Кореяга ташрифнинг биринчи кунида Ўзбекистон парламенти делегацияси қатор самарали учрашувлар ўтказди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Жумладан, Инчон шаҳрининг мэри Пак Нам Чун ва “Инчон” эркин иқтисодий зонаси комиссари Ли Вон Же иштирокидаги учрашув ташриф дастурининг дастлабкиси бўлди. Учрашув давомида томонлар Инчон шаҳри мэрияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳалари ва дастурларини тайёрлаш ҳамда тарғиб қилишга интилаётгани таъкидланди.

Ташриф дастури доирасида Ўзбекистон делегациясининг Яшил ўсиш глобал институти президенти Пан Ги Мун билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда экология ва иқлим масалалари бўйича Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, Ўзбекистон Республикаси президентининг Орол денгизи билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларини тарғиб қилишни давом эттириш имкониятлари муҳокама этилди.

Фото: Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати

Бунда асосий эътибор Яшил ўсиш глобал институти кўриб чиқиши учун топширилган лойиҳаларни амалга оширишни бошлаш мақсадида Ўзбекистоннинг кейинги режаларига, шунингдек мазкур Институтнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш имкониятларига қаратилди.

Қайд этилишича, Институт вакилларининг Ўзбекистонда бевосита бўлиши экологик соф технологиялар ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, “яшил” иқтисодиёт принципларини, экологик тоза, энергия ва сув тежайдиган технологияларни комплекс жорий этиш, чўлланиш ва экологик миграциянинг олдини олиш, шунингдек Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш мақсадида Яшил иқлим жамғармасининг, шунингдек бошқа жамғармаларнинг молиявий маблағларини жалб қилиш бўйича GGGI институционал имкониятларини оширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Пан Ги Мунни ва унинг жамоасини жорий йил 25 октябрда Ўзбекистонда ўтказиладиган Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш бўйича БМТ раҳнамолигидаги юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этишга таклиф қилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон парламенти делегацияси аъзолари Яшил иқлим жамғармаси раҳбарияти билан ҳам учрашди. Қайд этилишича, БМТнинг 2010 йил охирида ташкил этилган GCF жамғармаси ривожланган мамлакатларнинг маблағларини ривожланаётган мамлакатларга юборади, уларга глобал иқлим исиши ва сув тошқини, қурғоқчилик ва нормадан ортиқ жазирамани енгиб ўтишда ёрдам беради.

Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси (БСОУ) бош директори Ким Дэиль билан учрашувда БСОУнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан икки томонлама алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси БСОУнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. БСОУ Ўзбекистонда жорий йил декабрда бўлиб ўтадиган парламент сайлови ҳақида хабардор этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва БСОУ котибияти ўртасида самарали ҳамкорлик ривожланмоқда, бу сайлов ташкилотчиларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида тажриба алмашиш ҳамда долзарб масалаларни муҳокама қилиш, хорижий мамлакатларнинг ижобий тажрибаси билан танишиш, илғор сайлов қонунчилигини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, Ўзбекистонда юз бераётган демократик ислоҳотлар ҳақида холис ахборотни халқаро ҳамжамиятга тезкорлик билан етказиш имконини беради. Ўзбекистон БСОУ билан ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришдан манфаатдорлигига урғу берилди.

Шунингдек, делегациянинг Корея Республикаси Ихтирочи аёллар уюшмаси раиси Инсил Ли, “Hyundai Motors” компанияси вице-президенти Санг Жун Ким билан учрашувлари ўтказилди. Парламент делегацияси аъзолари Корея-Ўзбекистон Бизнес-марказига бориб, унинг фаолияти билан танишдилар.

Top