Иқтисодиёт | 08:43 / 13.08.2019
27240
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари яширин бозорининг ҳажми маълум қилинди

Фото: Uz24

«Ўзбекозиковкатхолдинг» холдинг компанияси раиси Тоҳиржон Жалилов Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари хуфия бозори ҳажмини 6,8 миллиард долларга баҳолади. Бу ҳақда Spot ёзмоқда.

Компания маълумотларига кўра, 2019 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича холдинг корхоналарида умумий ишлаб чиқариш ҳажми 18,2 трлн сўмни ташкил этди. Кутилишича, йиллик ҳажм тахминан 38 трлн сўмга тенг бўлади.

«Бу жуда кам. Ўйлайманки, бизда 90-100 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Компаниялар паст кўрсаткичлар қайд этилган ҳисоботларни тақдим этади. Корхоналар эса кунига 24 соат ишлаяпти. Қолган маҳсулотлар қаерга кетяпти? Бозорга чиқарилмоқда, масалан, «Ўрикзор»га, нақд пулга. Албатта, буларнинг барчаси ҳеч қаерда ҳисобга олинмайди», - деди Тоҳиржон Жалилов.

Холдинг раҳбарининг таъкидлашича, компания хуфия иқтисодиётга қарши курашни тадбиркорлар йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш орқали амалга оширмоқчи.

Маълумот учун: хуфия иқтисодиёт - иштирокчилар томонидан ошкора олиб борилмайдиган, давлат ва жамият томонидан назорат қилинмайдиган, солиқлар тўланмайдиган, расмий давлат статистикасида қайд этилмайдиган иқтисодий жараёнлар, иқтисодий фаолият турлари. 

Яширин иқтисодиёт ошкора пайқаб бўлмайдиган товарлар ва хизматларни ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш, истеъмол жараёнлари - иқтисодий муносабатлар бўлиб, унинг негизида айрим кишилар ёки кишилар гуруҳи манфаатлари ётади. Яширин иқтисодиёт дунёнинг деярли ҳамма мамлакатларида мавжуд.

Мавзуга оид