Иқтисодиёт | 10:31
690
2 дақиқада ўқилади

Январда инфляцияга энг кўп мева-сабзавот нархлари таъсир қилди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январ ойида истеъмол нархлари ўртача 0,7 фоизга ошган бўлиб, инфляцияга асосий таъсирни мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши кўрсатган.

Қўмита ҳисоб-китобларига кўра, январ ойида йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 107,2 фоизни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,7 фоиз бандга паст.

Ойлик ҳисобда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,8 фоизга ошган. Айнан ушбу гуруҳ инфляция шаклланишида асосий омил бўлган.

Жумладан, мева-сабзавотлар орасида булғор қалампири нархи 18,5 фоизга, банан 6,3 фоизга, лимон 4,9 фоизга, қовоқ 4,2 фоизга, узум 3,4 фоизга, олма 2,1 фоизга қимматлашган. Шунингдек, картошка (1,9 фоиз) ва сабзи (1,8 фоиз) нархлари ҳам ўсган.

Гўшт ва бошқа маҳсулотлардан қўй гўшти 1,6 фоизга, мол гўшти 1 фоизга, парранда гўшти 1,5 фоизга, товуқ тухуми ва биринчи навли буғдой уни 0,5 фоизга қимматлашгани кузатилган.

Айни пайтда инфляцияни пасайтирувчи омил сифатида помидор нархи 2,1 фоизга ҳамда барча навдаги гуруч ва гуруч оқшоғи 1,8 фоизга арзонлагани қайд этилган.

Ноозиқ-овқат товарлари 0,4 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,8 фоизга ошган. Хизматлар ичида шахсий транспорт воситаларини суғурталаш, мобил алоқа ва сартарошхона хизматлари нархларида ўсиш кузатилган.

Маълумотларга кўра, истеъмол нархлари индекси 2026 йил январдан бошлаб янгиланган услубиёт асосида ҳисобланмоқда. Ҳисоб-китоблар 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида қайд этилган 1,2 миллионга яқин нарх кузатувлари асосида шакллантирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид