Спорт | 21:26 / 16.08.2019
13972
13 дақиқада ўқилади

«Барселона» Мессисиз, «Реал» Азарсиз бошлайди. Ҳафта ўйинлари анонси

Фото: Sergio Ruiz / Global Look Press

Бу ҳафтадан Испания ва Германияда ҳам чемпионат ўйинлари бошланади ва шу билан кучли бешликдан тўрт лигани кузатиш имкониятига эга бўламиз. Италия А серияси старти эса кейинги ҳафтага белгиланган. Эътиборингизга келаётган дам олиш кунлари Европа яшил майдонларида бўлиб ўтадиган қизиқарли ўйинлар анонсини ҳавола қиламиз.

 «АТЛЕТИК» – «БАРСЕЛОНА» (16 август, 23:59)

Бугундан ниҳоят Испания чемпионатига ҳам старт берилади ва тур мамлакат чемпиони «Барселона»нинг ўйини билан, бошқача қилиб айтганда, «Классико»дан бошланади. Испанияда фақат уч жамоа – «Реал», «Барселона» ва «Атлетик» умуман қуйи лигага тушиб кетишмаган, шунинг учун билбаоликларнинг ҳам грандлар билан учрашуви «Классико» деб аталади.

Роппа-роса тўрт йил аввал ҳам, 15 августда, жамоалар йилнинг илк расмий ўйинини ўзаро учрашувда ўтказишганди. Испания Суперкубоги учун баҳсда кўпчилик учун кутилмаганда «Атлетик» 4:0 ҳисобида устун келганди. Шундан буён агар икки ўйиндан иборат кубок учрашувининг биттасини қўшмаганда, «Атлетик» «Барселона» устидан ғалаба қозона олмай келяпти. Умуман олганда, агар Ла Лига ўйинларига эътибор берсак, басклар охирги марта 2013 йилда «Барселона» устидан ғалаба қозонганди.

Бу билан меҳмонларнинг имкониятларини ўта юқори деб бўлмайди, «Атлетик» муносиб қаршилик кўрсатиши шубҳасиз, зеро ўтган мавсумдаги ҳар икки ўйинда ҳам томонлар дурангга рози бўлишганди. Бунинг устига «Барселона» таркибида Месси ўйнамайди. Яқинда кичик жароҳат олган футболчининг машғулотларга қайтгани видеоси тармоқларга чиқиб кетган бўлса-да, у биринчи тур ўйинига тайёр бўлиб улгурмади. Умуман, Месси каталонияликларнинг мавсумолди ўртоқлик ўйинларида майдонга тушмади.

Лекин Антуан Гризманн ўйинга тайёр ва бугун «Барселона» таркибида илк расмий ўйинини ўтказади. Испаниядаги фаолиятини Баскониянинг бошқа жамоаси «Реал Сосьедад» сафида бошлаган франциялик ҳужумчи учун дебютнинг айнан «энг душман» рақибга қарши ўтказилишида ҳам қандайдир рамзий маъно бордек.

 «СЕЛЬТА» – «РЕАЛ» (17 август, 20:00)

Шу ёзда катта нарх эвазига мадридликлар сафига келиб қўшилган Эден Азар мавсум арафасида «Реал» машғулоти вақтида белидан жароҳат олди ва 3-4 ҳафта мобайнида майдонга туша олмайдиган бўлди. Унинг клуб сафидаги илк расмий ўйинида майдонга тушиши кечикди.

Мавсумолди ўйинлари «Реал» учун у қадар муваффақиятли чиқмади, айниқса, «Атлетико»дан қабул қилинган 3:7 ҳисобида мағлубиятни ҳазм қилиш осон эмас. Шунингдек, «Тоттенҳэм»дан ҳам мағлубият ва «Рома» билан дуранг қайд этилди. Фақат пастроқ даражадаги клублар – «Фенербаҳче» ва «Зальцбург» мағлуб этилди, холос. Бунинг устига жамоанинг асосий футболчиларидан бири бўлиши кутилган иқтидорли ҳужумчи Марк Асенсио жароҳат олиб узоқ муддатга сафдан чиқди, янги келганлардан Йович, Менди ва Родриго ҳам жароҳат олган, Бэйл ҳали ҳам кетмади, Неймар ёки Погба масаласи ҳамон очиқ қолмоқда – бундай пайтда жамоа мухлислари бу ўйин натижасидан кўра, майдон ташқарисидаги ҳаракатларнинг ижобий якунланишидан умид қилаётганликлари табиий.

Аммо бошқа тарафдан қизиқ бўлади – Зидан тайёргарлик ўйинларида 3 ҳимоячидан иборат схемани синаб кўрди. Бу Марсело ва Карвахалга кўпроқ олдинги чизиқда ҳаракат қилиш имконини беради. Зидан ушбу ўзгариш билан ёши ўтиб бораётган Марселонинг камчиликларини ёпмоқчими ёки Азар ёрдамида «Реал» яна тезкор қарши ҳужумларга асосланган прагматизмга қайтадими, буни кўрамиз. Илк синов айнан сафарда, курашувчан «Сельта»га қарши бўлаётгани ҳам айни муддао.  

 «МАНЧЕСТЕР СИТИ» – «ТОТТЕНҲЭМ» (17 август, 21:30)

Ўтган мавсумда Чемпионлар Лигасининг дурдона асарини яратиб берган бу икки жамоа иккинчи турнинг марказий ўйинида орани очиқ қилади.

«Манчестер Сити» яхшигина таркибга эга бўлган «Вест Ҳэм»ни осонлик билан, 5:0 ҳисобида енггач, яна ким фаворит эканини кўрсатиб қўйди – катта эҳтимол билан, агар «Ливерпуль» энг яхши ва омадли мавсумни ўтказсагина «шаҳарликлар»га қаршилик кўрсата олиши мумкин. Бунинг устига «Сити» биринчи тур ўйинида Агуэро, Гундўған, Бернарду каби етакчиларини майдонга туширмаганди ҳам.

«Тоттенҳэм» бироз қийинчилик билан бўлса-да, уч очко эгасига айланди. «Астон Вилла»га қарши учрашувда Эриксеннинг иккинчи бўлимда майдонга тушишигина мезбонлар устунлигини голларга айлантирди ва 3:1 ҳисобида иродали ғалаба қозонилди. Лекин ҳақиқий синов, албатта, «Этиҳад»да бўлиб ўтади. «Тоттенҳэм» ўтган йилнинг баҳоридаги ажойиб ўйинларни бир қатор эътиборли харидлар билан янада кучайтириб, пешқадамларга рақобат кўрсата оладими, йўқми, қисман жавобга эга бўламиз.

Қисманлиги шундаки, «Тоттенҳэм» бу ўйинда бутун имкониятларини ишга сололмайди. Етакчи футболчилардан бири Дели Алли жароҳати туфайли бу ўйинни ўтказиб юбораётган бўлса, Сон Хин Мин дисквалификацияга учраган. У ўтган мавсумнинг сўнгги учрашувида ҳакам томонидан майдондан четлатилганди. Бундан ташқари, жамоа сафига янги келиб қўшилган Райан Сессеньонда ҳам жароҳат бор. Мезбонлар сафида эса, фақат Лерой Санени кўра олмаймиз – у келаси йилнинг март ойигача жамоага ёрдам бера олмайди.

Дарвоқе, Чемпионлар Лигасида Почеттино жамоаси рақибини хафа қилган бўлса-да, АПЛда «Манчестер Сити» яққол фаворит. Гвардиола фақат «Тоттенҳэм»га қарши дебют ўйинда мағлуб бўлган холос, хусусан, сўнгги тўрт ўйинда фақат ғалаба қозониб келмоқда.

 «ЧЕЛСИ» – «ЛЕСТЕР» (18 август, 20:30)

«Челси» «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль»га қарши ўйинларда мағлубиятга учраган бўлса-да, ўйин сифати бўйича кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди. Вазиятлар яратиш, прессинг борасида ҳар икки ўйинда ҳам рақибидан устунлик қилди ҳам. Айниқса, ливерпулликларга қарши Европа Суперкубогида Канте, Жиру, Пулишич каби футболчилар асосий таркибда тушгач, Лемпард жамоаси анча кучли ўйин кўрсатди. Демак, ниҳоят афсонавий футболчи қўл остида илк расмий ғалабасини қўлга киритиш учун лондонликлар барча имкониятга эга.

«Лестер» ҳам анойи эмас. Эндиликда Англияда Топ-6 дан ташқари, уларга яқинроқ келиши мумкин бўлган алоҳида тўртлик ҳақидаям айтилмоқда. Булар «Вулверҳэмптон», «Вест Ҳэм», «Эвертон» ҳамда «Лестер» жамоаларидир. Таркиб савияси, молиявий имкониятлари борасида бу жамоалар ҳам мавсумни кучли ўтказишлари ва ҳатто улардан қайси биридир ТОП-6 га кириб олиши ҳам мумкин.

Клуб ёзда рекорд нархда Ҳарри Магуайрни сотиб юборган бўлса-да, жуда катта йўқотишга учради деб бўлмайди. Ўтган йили ижара асосида ўйнаган Юри Тилеманс «Монако»дан сотиб олинди ва айнан у ушбу мавсумда «тулкилар»нинг асосий юлдузи бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, Айозе Перес «Ньюкасл»дан харид қилинди. «Челси» сафида эса «Боруссия»дан трансфер қилинган Кристиан Пулишичнинг ўйинлари кўпчиликда яхши таассурот қолдирмоқда. У ҳатто Суперкубок ўйинида «Ливерпуль» дарвозасини ишғол қилганди, аммо офсайд туфайли гол бекор қилинди.

Шунингдек, «Лестер»нинг «Челси» учун, умуман янги шаклланаётган ҳар қандай жамоа учун ноқулай рақиб эканини эътироф қилиш керак. Қарши ҳужумларда ва қўйи блокда ҳимояланишда яхшигина тажриба эга бўлган бу клуб «Челси»ни жазолашга қодир. Эсингизда бўлса, ўтган мавсумда «Лестер» айнан «Стемфорд Бриж»да мезбонларни жазолаган, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

«АТЛЕТИКО» – «ХЕТАФЕ» (19 августга ўтар кечаси, 01:00)

Саккиз йил олдин, 2011 йилнинг ноябрида «Хетафе» ўз майдонида «Атлетико»ни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратган ва ғалаба голини 83-дақиқада пенальтидан киритган эди. Шундан бери, ғалаба қозонишни қўйинг, Кастро урган ўша гол бугунгача «Хетафе»нинг «Атлетико» дарвозасига урган энг охирги голи бўлиб турибди. Шундан буён ўтказилган 16 ўйиннинг 13тасида «Атлетико» қуруқ ғалаба қозонган, яна уч учрашувда эса ҳисоб очилмаган экан. «Атлетико» майдонидаги сўнгги гол эса 2010 йилнинг май ойида урилган. Ўшанда «Хетафе» меҳмонда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.

Бу даражада устунлик қайд этилган рақиблар ўртасидаги ўйиннинг тавсия қилинишда сабаблар бор, биринчидан, «Хетафе» ўтган мавсумни жуда кучли ўтказди ва сўнгги турларгача кучли тўртликда борди. Иккинчидан, янгиланган «Атлетико»нинг ўйинини кузатиш қизиқ бўлса керак.

Ҳа, Англияда баъзи жамоалар йиллардир авлодларни алмаштира олмаётган бўлса, Симеонега қойил қолиш керак – жамоани янгилаш учун бир ой кифоя қилди. Гризманн, Родри ва Эрнандесни жами 250 миллион евродан ортиқ суммага сотишга муваффақ бўлган «Атлетико» бир қатор жуда қизиқарли ва фойдали бўлиши кутилаётган харидларни амалга оширди. Шунингдек, Диего Годин, Филипе Луис, Хуанфран каби ёши катта футболчилар ҳам жамоани тарк этган.

Жоао Фелиш, Родриго, Льоренте, Триппьер, Лоди, Эктор Эррера каби футболчилар эса уларнинг ўрнига келди. Диего Симеоне навбатдаги жамоасини қандай шакллантиришини ҳам кўриш қизиқ. Ўртоқлик ўйинларида «Атлетико» ёмон кўринмади, жумладан, «Реал» ва «Ювентус» устидан ғалабалар қозонди.  

«ВУЛВЕРҲЭМПТОН» – «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» (19 август, 23:59)

«Улар жуда шаклланган жамоа ва жипс ҳолатда ҳимояланишни ҳам биладилар, рақибга очиқ зоналар тақдим этмайдилар», – деди Оле Гуннар Сульшер. Очиқ зоналар бугунги «Манчестер Юнайтед» учун энг муҳим эҳтиёж эканини биринчи турда ҳам кўрдик – Марсиял, Рэшфорд, Лингард, Жеймс каби футболчилар тезкор қарши ҳужумларда жуда самарали бўла оладилар, аммо энди «Вулверҳэмптон»га қарши ўйнашни ҳам ўрганиш керак.

«Вулверҳэмптон» эса, бу рақибига қарши қандай ўйнашни жуда яхши билади. Жамоа ўтган йилнинг баҳорида «МЮ»ни икки марта жазолаган. Дастлаб Сульшер жамоасини кубок учун курашдан чиқариб юборган бўлса, кейин чемпионатда ҳам уч очкосиз қолдириб, «Манчестер Юнайтед»га тўртлик учун курашда тўсиқ бўлгандилар. Ҳар икки ўйинда ҳам мезбонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси қайд этилган. Шунингдек, биринчи даврада «Олд Траффорд»даги учрашувда ҳам «МЮ» ғалаба қозона олмаганини ҳам таъкидлаш керак. Демак, бу «Манчестер Юнайтед» учун бу «Вулверҳэмптон» жуда ноқулай рақибдир.

Бир жиҳат – «Вулверҳэмптон» пайшанба куни Европа Лигасида майдонга тушишига тўғри келди. «Пюни»ка қарши ўйинда асосан захирадаги футболчилар ҳаракат қилган бўлса-да, «МЮ» билан учрашувда қайсидир вазиятларда қўшимча куч билан ўйини кучайтириш имкони сал пасайган бўлиши мумкин.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

16 АВГУСТ. БАВАРИЯ – Ҳерта (23:30)

17 АВГУСТ. АРСЕНАЛ – Бёрнли (16:30), БОРУССИЯ Д – Аусбург (18:30), Саутҳэмптон – ЛИВЕРПУЛЬ (19:00),  

18 АВГУСТ. Ренн – ПСЖ (23:55)

Мавзуга оид