10:49 / 22.08.2019
6474

Абдулазиз Комилов «C5+1» шаклидаги учрашувда иштирок этди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2019 йилнинг 21 август куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё-АҚШ» шаклининг («C5+1») навбатдаги юқори даражали учрашувида иштирок этди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари Бейбут Атамкулов, Чингиз Айдарбеков, Сирожидин Муҳриддин, Рашид Мередов ва АҚШ давлат котиби ўринбосари Дэвид Хейл билан биргаликда турли соҳалардаги кўп томонлама ҳамкорлик ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, жумладан, иқтисодий шерикликни қўллаб-қувватлаш, минтақавий хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш, Марказий Осиёда ва қўшни Афғонистонда тинчлик ва фаровонликка кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Caption

Ўзбекистон делегацияси раҳбарининг нутқида 2015 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг биринчи учрашуви чоғида иш бошлаган «C5+1» шакли ўзини ишончли ва самарали маслаҳат механизми сифатида намойиш этгани таъкидланди.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли минтақада мутлақо янги ишонч муҳити яратилди, ўтмишда яқинлашишга тўсқинлик қилган кўплаб муаммоларни ҳал қилишда катта ютуқларга эришилди, савдо, инвестиция, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар алоқалар, чегаралар ва минтақалараро ҳамкорлик ва бошқа соҳалар фаоллашмоқда ва кенгаймоқда.

Вазир қайд этганидек, Марказий Осиёда минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш, уни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш учун кенг имкониятларни шакллантириш жараёни давом этмоқда. Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари алоқаларида кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро қўллаш ва ҳамкорликнинг янги саҳифаси очилди.

Минтақа мамлакатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг нутқларида «C5+1» ҳамкорлик платформаси умумий масалаларни биргаликда муҳокама қилиш ва ҳал қилиш форуми сифатида қўллаб-қувватлаш тасдиқланди.

Шу куннинг ўзида «C5+1» учрашуви иштирокчи делегациялари раҳбарлари Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан қабул қилинди.

Top