Жамият | 14:45 / 22.08.2019
10611
3 дақиқада ўқилади

«Ўзнефтгазинспекция» газ ўғирлаш ҳолатларини аниқлади 

Фото: Энергетика вазирлиги ахборот хизмати

«Ўзнефтгазинспекция» томонидан ўтказилган навбатдаги назорат текширувларида табиий газ истеъмоли билан боғлиқ қатор қонунбузарликлар аниқланди. 

Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, 2019 йил 1 январдан 15 августгача ҳаммаси бўлиб тегишли ҳужжатларсиз табиий газдан фойдаланиб келган 1 минг 763 нафар истеъмолчи аниқланди. Айбдорларга тегишли чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга топширилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра ноқонуний тарзда фойдаланилган газ миқдори 39 млн. 780 минг куб. метрни ташкил этади.

Август ойининг биринчи 15 кунида тегишли ҳужжатларсиз табиий газдан фойдаланиб келган 187 та улгуржи истеъмолчи аниқланган бўлиб, ноқонуний фойдаланилган газ ҳажми 3 млн. 200 минг куб. метрни ташкил этган.

Фото: Энергетика вазирлиги ахборот хизмати

Навоий вилоятининг, Кармана туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётган пишган ғишт ишлаб чиқарувчи корхонаси томонидан 417 минг куб метр газ ўғирланган, шу билан бирга Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманида жойлашган «Жарқўрғоннефть» АЖга қарашли «Қумқўрғон Эстакадаси»да 213 минг метр куб газни қонунга зид тарзда истеъмол қилинган, шу каби ҳолатлар оҳак ишлаб чиқарувчилари томонидан содир этилиб жумладан, «Қиробод мавжлари» МЧЖ (Бухоро вилояти, Қоракўл тумани) 75 минг куб метр газни талон-торож қилган, «Орбита глобус» МЧЖ (Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани) томонидан 219 минг куб метр газ ўғирланган ва “Домтекс” МЧЖ томонидан (Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани) 330 минг метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлди.

Фото: Энергетика вазирлиги ахборот хизмати

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида юқоридаги каби қонунбузарликларни содир этган 101 та истеъмолчи фош этилиб, ўғирланган қимматбаҳо табиий газ миқдори 1 млн. 396 минг. куб. метрни ташкил этиши аниқланди.

Энергетика вазирлиги барча истеъмолчилардан табиий газдек қимматбаҳо хомашёни тежамкорлик билан сарфлашни ва бу борадаги қонунчиликка қатъий риоя этишни, ундан оқилона фойдаланишни сўраган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид