Ўзбекистон | 13:47 / 22.08.2019
3285
2 дақиқада ўқилади

«Сенат халқ манфаатларини қандай ҳимоя қилмоқда?» мавзусида танлов эълон қилинади

Бугун, 22 август куни, Олий Мажлис Сенати биносида ОАВ ходимлари ва Сенат раиси Танзила Норбоева иштирокида анжуман бўлиб ўтди. Унда Танзила Норбоева жамиятдаги муаммоларни олиб чиқишда журналистларнинг роли тобора ортиб бораётгани, кучли жамоатчилик назорати ўрнатилгани ҳақида гапирилди. Шу ўринда, сенаторларнинг фаолиятини ошириш масаласига алоҳида урғу берилди.

«Айни вақтда сенаторларнинг фаоллигини ошириш масаласини асосий кун тартибига қўйганмиз. У қандай ишлаши, жамиятга қанақа фойда олиб келаётгани ёки аксинчалигини кенг оммага кўрсатиб беришимиз, халқ ўз баҳосини бериши керак. Шу мақсадда, сиз, ОАВ ходимлари ўртасида «Сенат халқ манфаатларини қандай ҳимоя қилмоқда?» мавзусида танлов эълон қиламиз. Унда сенаторнинг куни, сенатор ёрдамида бирон масаланинг ҳал бўлгани, халқаро фаолияти, сўрови қай тартибда кўриб чиқилгани, сенатнинг жамиятдаги ўрни каби масалалар ёритилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Бундан ташқари, Сенат ҳақида танқидий-таҳлилий материалларни ҳам кутиб қоламиз. Ғолиблар Конституция қабул қилинган сана арафасида қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирланади», деди Норбоева.

Сенат раисининг қўшимча қилишича, бу танлов сенаторларни «жонлантириш»га туртки бўлади, уларни тўғри, холис ишлашга ўргатади, очиқ фуқаролик жамиятини қуришда яна бир муҳим қадам вазифасини бажаради. 

Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид