18:00 / 22.08.2019
10282

Танзила Норбоева: «Халқ билан мулоқотни бошида ҳамма раҳбарлар ҳам тушунмаган»

Сенат раиси Танзила Норбоева бугун, 22 август куни, Сенат биносида ОАВ ходимлари билан учрашув ўтказди. Фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашда Сенатнинг ўрни қандай бўлиши, халқни рози қилиш, юқори турувчи органлар қай тартибда ишлаши кераклиги ҳақида фикрлар муҳокама марказида бўлди.

«Ҳаммамизга маълумки, Президент лавозимига киришганидан кейин халқ билан мулоқотни бошлади. Ўша пайтда Касаба уюшмалари федерацияси раҳбари бўлиб ишлардим. Ҳар куни халқ билан доимий ва узлуксиз алоқа қилишни аввалига ҳамма раҳбарлар ҳам тўлиқ англаб етишмади. Айниқса, вазирлар тушунмади. Кўпчилик ўйладики, бу одатий ҳол, кампания сифатида ўтади-кетади. Сайловгача ўтказиладиган баландпарвоз гаплар, дея талқин қилинди.

Лекин давлат раҳбари бу йўналишни битта тизимга солди. Яқинда мажлислардан бирида ҳам президент халқ билан мулоқот қилиш янаям кучайишини, халқдан фикр олиб, давлат аҳамиятига молик муҳим қарорлар қабул қилинишини таъкидлади. Биз, парламент аъзолари, депутатлар халқнинг ичига биринчи бўлиб кириб боришимиз керак. Ҳали бундай талабга жавоб бераётган иш қилинаётгани йўқ», дея фикр билдирди Норбоева.

Сенат раиси аҳоли мурожаатини тезкорлик билан кўриб чиқишда янги тизим йўлга қўйилганини айтиб ўтди. Эндиликда ҳар бир сенатор маълум бир вилоятга хизмат сафарига боришдан олдин ўша ҳудуддан келган мурожаат хатларини ўзи билан олиб кетади, мурожаатлар мазмунини ўрганади. Сўнг тегишли мутасаддиларни йиғиб, муаммони жойида ҳал қилиш тизимига ўтишади.

Тадбирда журналист ва блогерлар сенаторлар фаолияти очиқлигини таъминлаш учун бир нечта таклифлар беришди. Жумладан, ҳар бир сенаторнинг ижтимоий тармоқларда саҳифаси бўлиши лозим. Мурожаатлар тўғридан-тўғри шу ерга жўнатилса, жараённи тезлаштириш имкони ортади.

Top