Ўзбекистон | 18:01 / 24.08.2019
12905
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яна бир янгилик: Қуйи Чотқол ГЭС қурилиши бошланди

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги ПҚ-2947-сонли қарори билан республикамизнинг табиий сув оқимлари ва сув хўжаликлари объектларида янги гидроэлектростанциялар қуриш ва ишлаб турганларини модернизация қилиш бўйича инвестициявий лойиҳалар рўйхати тасдиқланган. Рўйхатга кўра, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чотқол дарёсида ҳам гидроэлектростанция қуриш белгиланган эди.

Қуйи Чотқол ГЭС “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ташаббуси асосида қурилаётган бўлиб, унинг лойиҳаси “Гидропроект” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқилган.

Лойиҳа бўйича капитал қўйилмалар ҳажми 125 487,33 минг еврони ташкил этиб, улардан 47 631,17 минг евро миқдоридаги маблағни асосий гидрокучланишли ва ёрдамчи асбоб-ускуналарни харид қилиш учун йўналтириш белгиланган. Буюртмачининг қолган харажатлари 8 995,57 минг еврога баҳоланган. Шунингдек, қурилиш-монтаж ишлари учун 688 860,59 минг евро ажратиш режалаштирилган.

ГЭСнинг ишга туширилиши муҳандис-техник ихтисосликка эга бўлган 39 нафар кишини иш билан таъминлаш имконини беради.

Куни кеча ушбу ГЭСни қуриш бўйича амалий ишлар бошланди. Гидроэнергетика соҳаси фахрийлари, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарияти, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида ГЭС пойдеворига биринчи ғишт қўйилди.

Янги иншоот 60 ой давомида, яъни 2019-2023 йилларда қурилиб, эксплуатацияга топшириши режалаштирилган.

Ҳисоб-китобларга қараганда, янги ГЭС ишга туширилгач, унинг мамлакат ички ялпи маҳсулотдаги улуши ўртача 25 477,8 минг еврони ташкил қилади ва 100 мингга яқин уй хўжалигини электр энергия билан таъминлашга хизмат қилади.

ГЭСда ҳар бири 19 МВт бўлган 4 та гидроагрегат ўрнатиш мўлжалланган. Иншоотнинг ўрнатилган қуввати 76 МВт бўлиб, йиллик ўртача электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 282,0 млн. кВт.с га тенг. Унинг асосий асбоб-ускуналари норматив муддатларга кўра 40 йилгача хизмат қилиши мумкин, амалда эса улар 80 йилгача ҳам ишлайди. Шунингдек, ГЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши 91,28 млн. м3 гача табиий газни иқтисод қилиш имкониятини беради. Иншоот гидрологик режимга таъсир қилмайди ва гидробиологик объектларга зарар етмайди ҳамда атроф-муҳит ва табиат ўзгаришига таъсир кўрсатмайди.

Ушбу ГЭС қурилиши ва ишга туширилишига сарфланган харажатлар инвестицион даврни ҳисобга олмаганда, 6 йилу 2 ойда қопланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Қуйи Чотқол ГЭС иссиқлик электростанцияларига нисбатан қуйидаги афзалликларга эга:

- кун давомида электр энергияга талаб кескин ошган даврда ҳам электр энергияни етказиб бера олади;

- ҳар йили 91 283,4 минг. м3 табиий газни иқтисод қилади;

- экологик тоза электр энергиясини ишлаб чиқариш, атмосферага зарарли чиқиндилар чиқишини қисқаради;

- ишлаб чиқарилаётган электр энергия таннархи нисбатан паст, яъни иссиқлик электростанциялари томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергия нархидан 8-10 баробар арзон бўлади;

- ГЭС ва унинг асбоб-ускуналарини эксплуатация қилишнинг техник муддати нисбатан узоқ, иссиқлик электростанциялардан икки баробар кўпроқ муддатга хизмат қилади;

- қайта тикланувчи, яъни сув энергияси манбаларидан фойдаланилади.

Мавзуга оид