Иқтисодиёт | 14:43
1418
2 дақиқада ўқилади

Сув танқислиги туфайли Ўзбекистон ГЭСларида электр энергияси ишлаб чиқариш камайди

Ўзбекистондаги гидроэлектр станцияларида сув танқислиги туфайли электр энергияси ишлаб чиқариш камайди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра бунга сув оқимининг ўтган йилга нисбатан 35 фоизга қисқаргани сабаб бўлган.

Ўзбекистондаги гидроэлектр станцияларида сув танқислиги туфайли электр энергияси ишлаб чиқариш камайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги чиқишида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди.

Депутат Сайдулло Азимов гидроэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқаришнинг камайиб бораётганига урғу бериб, бунга нима сабаб бўлгани билан қизиқди. 

«Сув келиши 35 фоизга камайди. Йирик гидроэлектр станциялари томонидан электр энергияси ишлаб чиқаришнинг ўтган йилга нисбатан камайишига асосий сабаб шу. Қуввати 1-5 МВт гача бўлган кичик ва микро ГЭСларни ишга тушириш орқали 140 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, аммо бу жуда оз миқдор. Биз, албатта, гидроэнергетикани ривожлантиришни давом эттирамиз, бироқ у сув ресурсларига боғлиқ бўлгани сабабли газ истеъмолини камайтириш мақсадида муқобил энергия манбалари, қуёш, шамол ва энергия сақлаш тизимларига эътибор қаратмоқдамиз», дея таъкидлади Мирзамаҳмудов.

Вазирнинг қўшимча қилишича, сув энергиясини жамлаш станцияларини қуриш ҳам режалаштириляпти. Ўз навбатида йирик гидроэлектр станциясини қуриш 6 йилдан 10 йилгача давом этади, шу жиҳатдан қисқа муддатда барқарор энергия таъминотининг энг арзон усули «яшил» энергетика ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид