Ўзбекистон | 08:01 / 24.08.2019
19302
2 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида янги тузилма ташкил этилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида янги тузилма ташкил этилади. У Президент мактаблари ва ижод мактаблари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг самарадорлигини таъминлаш билан шуғулланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда педагогика йўналишидаги олий ўқув юртлари фаолиятини танқидий ўрганиб, такомиллаштириш, уларни энг нуфузли таълим муассасаларига айлантириш, педагогликка мойиллиги бўлган ёшларни мақсадли тарбиялаб бориш бўйича вазифалар белгиланди. 

Президент мактаблари ва ижод мактаблари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида тузилма ташкил этилиши маълум қилинди.

Мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона “Тарбия” фанини жорий қилиш зарурлиги қайд этилди. Мактабларга буюк алломалар, давлат ва сиёсат арбоблари, машҳур саркарда аждодларимизнинг номларини бериш муҳимлиги таъкидланди.

Оиладаги таълим-тарбия муҳити, ота-оналарнинг масъулияти ва ўқитувчилар билан ҳамкорлиги масалаларига ҳам эътибор қаратилди.  

Мактаб ҳаёти, фидойи ўқитувчилар ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар, спектакль ва видеороликлар яратиш бўйича тавсиялар берилди. 

“Моддий ва маънавий ҳаётни уйғун ривожлантиришимиз керак. Мактаб бу борада асосий бўғин бўлиши лозим. Мактаб таълимини ривожлантириш биз учун буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур”, деди давлат раҳбари. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид