20:39 / 26.08.2019
19872

Хитойнинг АҚШ билан келишишдан бошқа чораси йўқ – Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп Хитойнинг АҚШ билан келишишдан бошқа чораси йўқ деб ҳисобламоқда.

"Хитой савдо бўйича келишишни жудаям хоҳламоқда... Уларнинг келишишдан бошқа чораси йўқ деб ўйлайман", - деди у Франция президенти Эммануэль Макрон билан бирга ўтказилган матбуот анжуманида.

Унинг қайд этишича, Хитой АҚШ киритган божлардан "қаттиқ азият чекмоқда".

"Хитой уч миллионта иш ўрнини йўқотиб бўлди. Тез орада бу уч миллиондан анча кўп бўлади", - деди Трамп.

АҚШ Хитойнинг 300 млрд долларлик маҳсулотларига 1 сентябрда ва 15 декабрда 10 фоизлик бож киритмоқчи. Хитой бунга жавобан АҚШнинг беш мингдан ортиқ номдаги 75 млрд долларлик маҳсулотларига бож жорий этди.

Шундан сўнг Трамп янги божлар 10 эмас, 15 фоизга оширилишини эълон қилди. Бунга қўшимча равишда 1 октябрдан 250 млрд долларлик маҳсулотларга бож 25 фоиздан 30 фоизга кўтарилади.

Top