Жаҳон | 23:57 / 12.09.2019
6536
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШдаги фавқулодда вазият тартибини яна бир йилга узайтирди

АҚШ президенти Дональд Трамп 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейин АҚШда киритилган фавқулодда вазият тартибини яна бир йилга узайтирди.

“2001 йил 14 сентябрда фавқулодда вазият тартибини киритишга олиб келган террорчилик таҳдиди ҳамон сақланиб қолмоқда. Шу сабабли мен террорчилик ҳужумларига жавобан киритилган фавқулодда вазият тартиби амал қилиши давом этиши керак, деб ҳисобладим”, дея таъкидлаб ўтган Трамп конгрессга йўллаган билдиришномасида.

Фавқулодда вазият тартиби президентга қўшимча ваколатлар беради. У бу ваколатлардан исталган вақтда фойдаланиши мумкин.

АҚШда фавқулодда вазият террорчилар самолётларни эгаллаб олиб, уни Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази минораларига ва Пентагонга йўллагандан 3 кун ўтиб киритилган. Ўшанда терактлар оқибатида умумий ҳисобда 3 мингга яқин одам ҳалок бўлган. Президент Кичик Жорж Буш фавқулодда вазият киритилишини АҚШга янги ҳужумлар содир этилиши хавфи сақланиб қолинаётгани билан тушунтирган.

Қонунга кўра, фавқулодда вазият тартиби АҚШ президенти ўша терактларнинг навбатдаги санаси – 11 сентябрдан кейин 90 кун ичида конгрессга тартибнинг яна бир йилга узайтирилиши кераклиги ҳақидаги билдиришномани юбормаса ёки федерал рўйхатда чоп этмаса, унинг амал қилиши автоматик равишда тўхтайди.

Мавзуга оид