Light | 20:36 / 13.09.2019
19973
3 дақиқада ўқилади

Фотожамланма: кўҳна ва навқирон Варшавага саёҳат

Ҳар бир шаҳарнинг ўз тарихи, бетакрор хусусиятлари бор. Кўҳна Қитъанинг қадимий шаҳарларидан бири  – Польша пойтахти Варшава шаҳри ҳам ўзининг беқиёс жилоси билан сайёҳларни жалб қилади. Яқинда юртимиз ва дунё журналистлари қаторида Kun.uz сайти мухбирлари ҳам бу муаззам шаҳарда бўлиб қайтдилар. Таассуротлар бир олам!

Варшавага қачон асос солингани бўйича аниқ маълумот йўқ. Аммо солномаларда князлар ўз қароргоҳларини 1281 йилда Висла дарёсининг юқори қирғоғига кўчирганлари ҳақида қайдлар битилган. Айни мана шу ҳудудда бугунги кунда қироллик қасри жойлашганлиги ҳудуд тарихи анча кўҳна эканлигининг яна бир исботидир.

Варшавада “Средместье”, “Мокотов”, “Охота”, “Воля”, “Жолибож”, “Прага Северная” ва “Прага Южная” каби маъмурий ҳудудлар мавжуд.

Кўплаб шаҳарлар сингари Варшавада ҳам “эски шаҳар” дея аталувчи тарихий маскан бор ва у ҳамиша сайёҳлар билан гавжум. Ҳашамдор бинолар, Сигизмунд устуни, Қирол Қасри ва қатор обидалар ўзига оҳанрабодек тортади. XIII асрда ёғочдан тикланган қалъа ўрнида улкан қаср бунёд этилганидан сўнг бу ҳудудда бунёдкорлик ишлари жадаллашиб кетган ва бутун бир шаҳар бўй кўрсатган.

1596 йилда пойтахт Краковдан Варшавага кўчирилганидан кейин бу шаҳарда яна бир муҳим сана қайд этилган – 1791 йилда мамлакат конституцияси қабул қилинган.

Аста-секин фақат қасрлар эмас, ишлаб чиқариш иншоотлари, тегирмонлар қурилган. Саноат, савдо-сотиқ ривожланган, мануфактуралар пайдо бўлган.  Кичик корхоналар аста-секин ўз ўрнини йирик заводларга бўшатиб берган.

Варшавага борганда “ўн йиллик” номли стадион ҳам томоша қилишга арзийди. 100 минг ишқибозни ўзи бағрига сиғдира оладиган бу стадион узоқ йиллар бўш ётди. Аммо бир неча йил олдин у Европанинг энг йирик бозорига ва жуда гавжум масканга айланди. Шаҳарликларнинг айтишича, бу ерда истаган нарсани топиш мумкин. Шунингдек юқори трибуналардан шаҳарнинг бетакрор манзаралари бор бўйи билан намоён бўлади.

Мавзуга оид