2025 йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистондан 2 миллион 700 минг нафар киши туризм мақсадида хорижий давлатларга борган. Бу ижобий ҳолат бўлишига қарамай, чет элда хавфсизлик масаласи доимо долзарб. Чунки туризм нафақат янги манзилларни кашф этиш, балки ўзга маданиятлар, турмуш тарзи ва баъзан хавфли вазиятлар билан тўқнашиш демакдир. Қуйида саёҳатни хавфсиз ва хотиржам ўтказиш учун зарур бўлган асосий тавсияларни жамладик.

Манзил ҳақида олдиндан маълумот олинг. Хорижга чиқишдан олдин саёҳат қилмоқчи бўлган давлатингиз ҳақида етарлича маълумот тўпланг:

Маҳаллий урф-одатлар, кийиниш маданияти ва диний эътиқодлар;

Транспорт тизими: метро, автобус, такси хизмати;

Криминал ҳолатлар кўп кузатиладиган ҳудудлар.

Айрим давлатларда айрим ҳаракатлар (жумладан, ҳаёт тарзи, фотосуратга тушириш, ҳатто тупуриш) учун жиноий жавобгарликка тортиш ҳолатлари бор. Шунинг учун ҳар қандай “оддий” ҳаракат ҳам қоидабузарлик ҳисобланиши мумкинлигини унутманг.

Ҳужжатлар хавфсизлиги — энг муҳим масала: паспорт, виза, тиббий суғурта каби ҳужжатларингиздан нусха олиб, телефонингиз ва клоуд-саҳифангизда сақланг. Асл нусхаларни меҳмонхонадаги сейфда қолдириш тавсия этилади, ташқарига эса факат нусхасини олиб чиқинг.

Алоқани олдиндан таъминланг. Яқинларингиз билан боғланиш имконига эга бўлиш учун маҳаллий СИМ-карта ёки халқаро интернет пакетларини сафар бошидаёқ фаоллаштиринг. Google Маps, Google Тranslate каби иловаларни офлайн режимда ишлайдиган шаклда юклаб олинг.

Меҳмонхонада хавфсизликни текширинг. Хонангизга жойлашганингиздан сўнг:

Эшик ва дераза қулфларини синчиклаб кўриб чиқинг;

Фавқулодда чиқиш эшиклари қаерда жойлашганини аниқланг;

Чет элда яширин видеокамера ўрнатилиши ҳолатлари ҳам учраб туради — телефон фонари орқали кўздан кечиришни одат қилинг.

Молиявий хавфсизлик: пулни бўлиб сақланг. Нақд пул ва карточкаларингизни бир жойда сақламанг. Бир қисмини сумкада, бошқасини ички чўнтакда, яна бир қисмини меҳмонхона сейфида сақлаш тавсия этилади. Иложи борича, кичик харидлар учун маҳаллий валютада пул алмаштиринг ва оммавий жойларда катта сумма кўрсатманг.