Ўзбекистон | 18:34 / 13.09.2019
11208
2 дақиқада ўқилади

Давлат тест маркази директорига ўринбосар тайинланди

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директорининг ўринбосари тайинланди. 

Бош вазир Абдулла Арипов томонидан 2019 йил 13 сентябрь куни имзоланган ҳужжатга кўра, Шерзод Негмуродович Ботиров Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директорининг ўринбосари лавозимини эгаллади.

Шерзод Ботиров бундан аввал Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) тизимида ишлаган. 2011 йил «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси президентининг қарорлари ва фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ҳар йили қуйидаги тадбирларни амалга оширишда тест синовлари ўтказилади:

Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш учун;

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларнинг билим савиясини аниқлаш учун;

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш учун;

Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган мактаб-интернатларининг 5-синфига қабул қилиш учун;

Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендиатларини аниқлаш учун;

Республика фан олимпиадаларининг 4-босқичи ғолибларини аниқлаш учун;

Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси магистратурасига қабул қилиш учун;

Тошкент тиббиёт академиясининг ҳарбий-тиббиёт факультетига танлов учун.

Мавзуга оид