18:29 / 14.09.2019
12
37345

«Сизга «вызов» бўлдими, унга ушбу моддани эслатинг!» — Kun.uz’да юрист вақти

Ҳозирги кундаги энг долзарб масалалардан бири фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш ҳисобланади. Давлат бу соҳада ўз саъй-ҳаракатларини олиб бормоқда. Kun.uz таҳририяти ҳам «юрист вақти» деб номланган янги лойиҳани бошлади. Бунда аксар фуқаролар эътибор бермайдиган ёки билмайдиган қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ, мажбурият, тартиб ва бошқалар тўғрисида туркум мақолалар бериб борилади.

Сўнгги вақтларда республика бўйлаб «снос» можаролари авж олди. Тан олиш керак, бу вазиятларда айрим мансабдор шахслар қонунчилик ва белгиланган тартиб-таомилларга амал қилмади. Бунинг ортидан норозиликлар кучайди. Баъзилари бузиш ишларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилмаган бўлса, баъзилари ўзлари имзолаган келишув битими шартларига риоя этишмади.

Мана шундай вазиятлар сизда ҳам юзага келган бўлса, сиз ҳам тегишли маъмурий судга мурожаат қилишингиз лозим.

Мисол учун, кўчмас мулкни бузиб ташлаш тартибини бузган мансабдор шахсга кодекснинг 24111-моддасида жавобгарлик назарда тутилган. Олиб қўйилаётган ер участкасидаги тадбиркорлик субъектларига тегишли биноларни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни зарарнинг ўрнини мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташлаш мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Энг кам иш ҳақи ҳозирги кунда 223 минг сўмни ташкил этади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундай ҳолат юз берса, жабрланган шахс биринчи навбатда керакли далилларни тўплаб тегишли маъмурий судга мурожаат қилиши керак. Буёғи судьянинг виждони ва ижро назоратини олиб борувчи шахсларнинг ишини қай даражада амалга оширишига ҳавола.

Журналистлик ва юристлик фаолиятимда тадбиркорлардан айрим давлат ташкилотлари томонидан қонун ҳужжатларини бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиб олиш ҳолатларига дуч келаман. Бундай ҳолларда энг биринчи навбатда тадбиркорларнинг ўзларини айблайман. Улар ўз ҳуқуқларини, белгиланган тартибларни, соҳасида бўлаётган қонунчиликдаги янгиликларни билишмайди, кузатиб боришмайди. Улар ўз корхонасида юрист штатини очишмайди, юрист хизматидан фойдаланишмайди. Пулини қизғанади, ундан кўра битта маркетолог штати очсам, корхонамга даромад олиб келади, қабилида иш тутади. Бир неча ўн миллионлаб зарарлардан сақлаб қолувчи шахслар хизматидан эса фойдаланмайди.

Агар сизга нисбатан ҳам юқоридаги ноқонуний ҳужжат талаб қилиш ҳолатлари бўлса, унда кодекснинг 24110-моддаси сизга хизмат қилади. Тадбиркорлик субъектларидан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган статистика, молия, солиқ ҳисоботини ва бошқа ҳисоботни, шунингдек бошқа ҳужжатларни, шу жумладан банк ҳисобварағини очишда ортиқча ҳужжатларни талаб қилиб олиш, худди шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддатлари ва тартибига зид равишда талаб қилиб олиш мансабдор шахслар ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахслар ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг қирқ бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Яна амалиётда тез-тез учраб турадиган ҳолат мавжуд. Бу ҳам тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ. Одатда бу ишлар банклар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ўртасида кузатилади. Банкларнинг тегишли бўлимига «бўл тез, менга фалончининг ҳисобида қанча пул бор, айтвор», деган «вызов»лар амалиётда йўқ эмас.

Шундай воқеа юз берса, кодекснинг сизни ҳимоя қилувчи 2418-моддаси мавжуд. Унга кўра, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолларда тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни талаб қилиб олиш, мансабдор шахслар ва хизматчиларга энг кам иш ҳақининг қирқ бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шунчаки, ушбу вазиятда ўша «вызов»чига ушбу моддани эслатинг.

Кейинги ҳолат мансабдорлар томонидан мажбурий ҳомийлик ва бошқа тадбирларга жалб этиш ҳисобланади. Назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан тадбиркорлик субъектларини пул маблағлари ҳамда бошқа моддий қимматликларни ажратиш билан боғлиқ ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўқувчи сифатида сизларнинг таклифларингиз ҳам таҳририят томонидан албатта кўриб чиқилади. Уларни изоҳларда қолдиришингиз мумкин.

Мавзуга оид
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top