Ўзбекистон | 09:31 / 16.09.2019
7527
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида янги лавозим жорий этилади

Фото: Fotolia / pressmaster

Ўзбекистоннинг истиқболли ҳамкор давлатлардаги ваколатхоналарида қишлоқ хўжалиги бўйича атташе лавозими киритилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да айтилган.

Қайд этилишича, мақсадли бозорлар тўғрисида маълумотлар тўплаш жараёнида, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини илгари суришда Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарининг роли оширилади, истиқболли ҳамкор давлатлардаги ваколатхоналарда қишлоқ хўжалиги бўйича атташе лавозими киритилади.

Шунингдек, аграр соҳада етакчи аграр корхоналари билан қайта алоқа механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш мўлжалланган. Бунда, куйидагиларни назарда тутилади:

янги мақсадли экспорт бозорларида музокаралар ўтказиш ва савдо келишувларини амалга оширишнинг устувор йўналишларини белгилаш;

маҳаллий ва мақсадли халқаро бозорларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари маркетинги ва уларни ташишдаги операцион харажатларини аниқлаш ва камайтириш;

маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини мақсадли экспорт бозорларига чиқариш учун “Made in Uzbekistan” брендидан кенг фойдаланиш имкониятларини баҳолаш;

миллий сифат тизимини такомиллаштириш бўйича батафсил режа ишлаб чиқиш.

Бундан ташқари, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда миллий озиқ-овқат хавфсизлиги талабларини Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чоралари бўйича келишуви ва бошқа халқаро стандартлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш мақсадида янги стандарт ва нормаларни ишлаб чиқиш режаси тайёрланади.

Халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш орқали генетик модификацияланган экинлар ва ўсимликлар навларини синаш учун махсус лаборатория ташкил қилиш мўлжалланган. 

Қуйидаги мақсадларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ўртасида ихтиёрий ҳамкорликни рағбатлантириш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорларда замонавий ишлаб чиқариш-сотиш занжирига қўшиш чораларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш режалаштирилган:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларини мувофиқлаштирувчи, тезкор қарорлар қабул қилиш ва тармоқ сиёсатини шакллантириш бўйича музокараларда иштирок этувчи ишлаб чиқарувчилар бирлашмаларини (кооперативлар ва бошқалар) ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари бирлашмалари, фермер ва деҳқон хўжаликларининг қайта ишлаш саноати корхоналари (шу жумладан, кластерлар доирасида) билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид