Saudi Aramco дронлар ҳужумидан кейин 300 млрд доллар йўқотиши мумкин – ОАВ
Саудия Арабистонининг Saudi Aramco давлат нефть компаниясининг Абқайқ ва Хурайсдаги объектларига дронлар ҳужумидан кейин компания IPO’си савол остига қўйилмоқда ва бошқа санага кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри хабар берди. Нашр маълумотларига кўра, агар янги ҳужумлар хавфи сақланиб қолинса, Saudi Aramco’нинг баҳоси 300 млрд долларга камайиши мумкин.
WSJ’нинг таъкидлашича, компаниянинг нархи ҳужумгача ҳам саудиялик амалдорлар ўртасидаги келишмовчиликка сабаб бўлаётганди. Хусусан, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ва унинг молиявий маслаҳатчилари IPO олдидан компанияни 2 трлн долларга баҳолаш мумкинлигини таъкидлашган бўлса, бир қатор банкирлар ва компания бошқарувининг бир қисми 1,5 трлн доллар ҳақида гапириш тўғрироқ бўлишини айтишган.
Ҳозир вазият шундай тус олмоқдаки, компаниянинг йўқотишларини ҳужумлардан кейин юз берган инқироз сабабли нефть нархи кескин кўтарилиши ҳам компенсация қила олмайди. Бу орада Ар-Риёдда ҳужумлар такрорланса, ҳарбийлар уларни қайтара олишига тўлиқ кафолат йўқлиги тан олинмоқда.
Ҳужумлар учун жавобгарликни яманлик ҳусийлар ўз зиммасига олган. Бироқ АҚШ давлат котиби бунда Эронни айблаган. Ҳужумлардан кейин Saudi Aramco нефть қазиб олишни 5,7 млн баррелга қисқартиришга мажбур бўлган. Бу эса подшоҳлик оладиган бир кунлик нефтнинг ярмини ташкил қилади. Бунинг ортида Brent нефти нархи 14 фоизга кўтарилиб кетиб, 71,62 долларгача етган.
Ҳусийлар аввал ҳам Саудия Арабистони нефть объектларига дронлар ёрдамида ҳужумлар амалга оширишган. Жумладан, май ойида улар Қизил денгиздаги нефть қувурига шикаст етказишган, августда эса Шайбаҳдаги конга ҳужум қилишган. Бироқ ўшанда компаниянинг йўқотишлари сезиларсиз деб баҳоланган.
Мавзуга оид
20:23 / 25.11.2024
Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили тайинланди
08:10 / 12.11.2024
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
09:25 / 11.11.2024