14:10 / 18.09.2019
0
5599

Давстатқўм Ўзбекистоннинг чакана савдо товар айланмаси ҳақида маълумот берди

Республика бўйича жорий йилнинг январь-август ойида чакана савдо товар айланмаси 100,2 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,7 %га ўсди. Бундан Давстатқўм маълумотлари дарак беряпти.

Йирик корхоналарнинг товар айланмаси 15,7 трлн сўмни (ўсиш суръати 31,2 %), кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг товар айланмаси 84,4 трлн сўмни (ўсиш суръати 3,1 %), шундан уюшмаган савдо товар айланмаси 10,7 трлн сўмни (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,1 %га камайган) ташкил этди.

2018 йилнинг шу даврига нисбатан республиканинг барча ҳудудларида чакана савдо товар айланмасининг ўсиш суръатлари кузатилиб, нисбатан юқори ўсиш суръатлари Хоразм, Сирдарё, Навоий, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди. 

Чакана савдо товар айланмаси таркибида йирик корхоналарнинг товар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,2 %га ўсди ва 15,7 трлн сўмни ташкил қилди. Бу эса умумий савдо ҳажмининг 15,7 % улушига тўғри келади. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг чакана савдо товар айланмаси ҳажми статистик ҳисоб-китобларга кўра, 84,4 трлн сўмни ташкил этиб, 2018 йилнинг январь-август ойига нисбатан 3,1 %га ўсди. Республика миқёсида ушбу секторнинг жами чакана савдо товар айланмасидаги улуши 84,3 %га тенг келмоқда. 

Таҳлилий натижаларга кўра, чакана савдо товар айланмасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликларининг улуши бўйича Қашқадарё (96,9 %), Жиззах (90,7 %), Тошкент (90,3 %) Сурхондарё (88,7 %) ва Наманган (87,6 %) вилоятлари етакчилик қилмоқда. 

Чакана товар айланмаси таркибида йирик корхоналарнинг улуши 15,7 %ни ташкил этиб, энг катта улуш Тошкент шаҳрида (26,7 %), Хоразм вилоятида (24,3 %), ва Бухоро вилоятида (15,0 %) кузатилган. 

Аҳоли жон бошига чакана савдо товар айланмаси 2019 йил январь-август ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан республиканинг барча ҳудудларида (Қашқадарё (99,0 %) вилоятидан ташқари) ўсиш кўрсаткичларини ташкил этди. 

Ушбу кўрсаткични бошқа ҳудудлар билан солиштирганда, энг юқориси Тошкент шаҳри (9,4 млн сўм), Навоий (4,0 млн сўм) ва Тошкент (3,8 млн сўм) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Бунинг сабаби ушбу ҳудудларда йирик савдо ва саноат ташкилотлари жойлашганлигидир 

2019 йил январь-август ҳолатига ўртача аҳоли жон бошига чакана савдо товар айланмаси 3,0 млн сўм (ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 4,8 %га ўсган). 

Шунингдек, 2019 йилнинг январь-август ойи мобайнида чакана савдо товар айланмаси таркибида овқатланиш ташкилотларининг савдо айланмаси 2,9 %ни ташкил этиб, 2,9 трлн сўмга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,4 %га ўсди. Бунда жами савдо айланмасининг 84,0 % улуши кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари улушига тўғри келмоқда. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top