Ўзбекистон | 11:00 / 19.09.2019
5008
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Медиа Омбудсман лавозими жорий этилади

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси президентининг "Ўзбекистон Республикаси ягона ахборот сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Агентликнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари – оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Медиа Омбудсман) лавозимини жорий этиш ҳамда Котибият тузилмасида чекланган бошқарув ходимлари сони 2 тадан иборат Оммавий ахборот вакиллари қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш секторини тузиш бўйича таклифига розилик берилади.

Оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг (Медиа Омбудсман) асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг, шунингдек, оммавий ахборот воситалари томонидан ахборот соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши масалаларини амалий рўёбга чиқаришни ўрганиш;

оммавий ахборот воситалари ҳамда давлат идоралари, жисмоний ва юридик шахслар ўртасида юзага келадиган низоларни судгача ҳал этишда кўмаклашиш;

оммавий ахборот воситаларига уларнинг ҳуқуқлари поймол этилиши, давлат идоралари томонидан улар фаолиятига аралашиш ҳолатлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;

оммавий ахборот воситалари фаолиятининг мустақиллигини янада таъминлаш, уларнинг ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид