08:12 / 20.09.2019
0
10222

Дунёнинг етакчи молиявий марказлари маълум қилинди 

Фото: REUTERS

Нью-Йорк дунёнинг етакчи молиявий маркази номини ўзида сақлаб турибди. Унинг ортидан эса Лондон ва Ҳонгконг келмоқда. Бундан Британиянинг Z/Yen Group таҳлилий компанияси сайтида эълон қилинган “Жаҳон молиявий марказлари индекси” (The Global Financial Centres Index) дарак бермоқда.

Доклад муаллифлари АҚШнинг энг йирик мегаполисига 790 балл беришган. Унинг Европа ва Осиёдаги энг йирик рақобатчилари – Лондон ва Ҳонгконгга мос равишда 773 ва 771 балл берилган. Кейинги ўринларни Сингапур (762), Шанхай (761), Токио (757) ва Пекин (748) эгалламоқда.

Илк бор етакчи ўнталикка Дубай (740), Шэньчжэнь (739) ва Сидней (738) кирган. Улар ўнталикдан Торонто, Цюрих ва Франкфуртни чиқариб юборган.

Рўйхатга ҳаммаси бўлиб 104 та шаҳар киритилган. Марказий Осиё давлатларидан рўйхатга фақат Қозоғистон пойтахти Нур-Султон киритилган (51-ўрин). Эътиборлиси, Нур-Султон Россия пойтахти Москвадан (71-ўрин) 20 поғона юқорироқ ўрин эгаллаган. 

Жаҳон молиявий марказлари индекси 2007 йилдан бери тузила бошланган ва ҳар ярим йилда ягиланиб туради. Балларни ҳисоблашда 5 кўрсаткич ҳисобга олинади: бизнес-муҳит, молия, инфратузилма, инсон капитали ва нуфуз. Ушбу тадқиқот 26-сонли бўлиб, унда охирги ўринларни Тяньцзинь, Нанкин ва Ханчжоу (ҳаммаси Хитой) эгаллаган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top