09:51 / 20.09.2019
0
13075

Ўзбекистонга келаётган хорижий фуқаролар учун янги кириш визаси жорий этилди

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон Республикаси президенти «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5611-сон Фармонига қўшимча киритиш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Президентнинг 2019 йил 5 январдаги ПФ-5611-сон фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчи хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визалари тоифаларини жорий этиш рўйхатига 6-банд қўшилди.

Қўшимча тарзда жорий этилаётган «Investment visa» — амал қилиш муддати уч йилгача бўлган кўп марталик инвестиция визасидир. У хорижий инвестиция киритиш вақтида Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 8500 бараварида хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олаётган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга расмийлаштирилади.

Шунингдек, виза хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ташкил этиш шаклида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига инвестиция киритганларга ҳам берилади. Бунда ушбу корхоналарнинг буюртмаси бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқмасдан виза муддатини узайтириш имконияти мумкин бўлади.

Инвесторнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, ота-онаси ва фарзандлари)га «Investment visa» амал қилиш муддатига мос равишда меҳмон визаси республикадан чиқмасдан туриб узайтириш ҳуқуқи билан расмийлаштириб берилади.

Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчи хорижий фуқароларнинг айрим гуруҳлари учун қўшимча (электрон бўлмаган) кириш визалари тоифаларини жорий этиш рўйхати шу кунга қадар қуйидагича эди:

«Vatandosh» — Ўзбекистон Республикасида туғилган шахслар ва уларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ва унинг ҳудудида доимий яшовчи қариндошларининг таклифномаси асосида бериладиган 2 йиллик виза;

«Student visa» — Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасалари, тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг илтимосномасига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган таълим муассасаларига қабул қилинган хорижий талабаларга бериладиган бир йиллик виза;

«Academic visa» — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикасидаги илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий таълим муассасалари, вазирлик ёки идоралар илтимосномасига кўра Ўзбекистон Республикасида илмий-тадқиқот ва педагогик фаолиятни амалга оширишни истаган хорижий шахслар учун 3 ойдан 2 йилгача бўлган муддатга бериладиган виза;

«Medical visa» — тиббий муассасанинг таклифига биноан даволаниш учун Ўзбекистон Республикасига кирувчи хорижий фуқаролар учун 3 ойгача бўлган муддатга бериладиган виза;

«Piligrim visa» — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва туристик фаолият субъектларининг аризасига кўра Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний мероси, анъаналарини ўрганиш мақсадида кирувчи хорижий фуқаролар учун 2 ойгача бўлган муддатга бериладиган зиёрат визаси.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top