Жаҳон | 20:19 / 20.09.2019
97713
2 дақиқада ўқилади

Путинни Кремлдан «қувиб чиқармоқчи» бўлган шомон қўлга олинди

Бурятияда 19 сентябрь эрталаб махсус операция давомида Москвага Россия президенти Владимир Путинни Кремлдан «қувиб чиқариш» учун йўл олган ёқутистонлик шомон Александр Габишев ушланди. Бу ҳақда “РБК” нашри маълум қилди.   

Таъкидланишича, Габишев 20 сентябрда Ёқутистондаги психоневрологик диспансерга руҳий соғлиғини текшириш учун экспертизага жўнатилган. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари уни топа олишмаётганини маълум қилишган. Кейинроқ шомоннинг ўзи тарафдорлари билан алоқага чиқиб, бир кунга синглисининг уйига боришга рухсат олганини, синглиси уйи қўриқланаётганини маълум қилган.

Ўзини шомон деб атовчи Габишев март ойида Ёқутистондан Москвага “ёвуз кучлар томонидан яратилган Путинни Кремлдан қувиш” ва “халқ ҳокимиятини ўрнатиш” учун пиёда йўл олган. У 2 йил ичида 8 минг км йўл босиб ўтмоқчи бўлган. Бироқ 19 сентябрда қўлга олинган, бунгача эса 3 минг км йўл босиб ўтишга ва ўзига юзлаб одамларни жалб қилишга улгурган. Кейинроқ маҳаллий полиция шомон Ёқутистонда содир этилган жиноят учун қидирувда бўлганини маълум қилган, бироқ айнан қандай жиноят учун қидирилганини айтмаган.

«Мени экстремизм, ҳокимиятни ағдаришга чорлов учун судлашади. Адвокатим бор, судлашмоқчиман», деб айтган Габишев.

Мавзуга оид