Ўзбекистон | 13:00 / 21.09.2019
5880
3 дақиқада ўқилади

Қурилиш-пудрат ташкилотлари ассоциацияси ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Қурилиш-пудрат ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қурилиш-пудрат ташкилотлари ассоциациясини ташкил этади ва Ассоциация низомини ишлаб чиқиб, тегишли тартибда тасдиқлайди.

Ассоциациянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

қурилиш-пудрат ташкилотларининг талабига мувофиқ улар фаолиятини ИСО-9001 халқаро стандартга мос равишда ривожлантиришга қаратилган дастурий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва тарқатиш;

қурилиш-пудрат ташкилотларига ИСО-9001 халқаро сертификатини олиш учун кўмаклашиш;

хорижий давлатларнинг қурилиш нормалари ва қурилиш ишларини олиб бориш тартибларини ўрганиб чиққан ҳолда, хорижий давлатларда ўтказиладиган тендер савдоларида қурилиш-пудрат ташкилотларининг қатнашиши учун кўрсатма ва йўриқномалар ишлаб чиқиш;

қурилиш-пудрат ташкилотларининг мутахассис ва ходимларини соҳада илғор қурилиш технологияларини татбиқ қилиш учун хорижий давлатларнинг етакчи қурилиш-пудрат ташкилотларига малака оширишини ҳамда ўқув курсларига юборилишини ташкил этиш;

қурилиш-пудрат ташкилотларининг ишчиларини ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларида ташкил этиладиган малака ошириш курсларида ва сайёр ўқув курсларида ўқитилишини ташкил этиш;

қурилиш-пудрат ишлари соҳасида янгиликларни татбиқ қилиш бўйича ҳудудий ва республика миқёсидаги семинарларни ташкил қилиш;

қурилиш-пудрат ташкилотлари билан тузилган шартнома асосида ҳуқуқий хизмат кўрсатиш;

қурилиш-пудрат хизматлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

лицензия олиш учун зарурий ҳужжатларни тўплаш ва тақдим этишга кўмаклашиш;

объектларнинг қурилиш-монтаж ишларини бажариш бўйича тендер савдоларида иштирок этиш қурилиш-пудрат ташкилотларига зарурий ҳужжатларни тўплаш ва тақдим этишга кўмаклашиш;

Республика ва ҳудудий шаҳарсозлик кенгашлари йиғилишларида, ҳокимият, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда кўриладиган масалаларда қурилиш-пудрат ташкилотларининг манфаатларини ҳимоя қилиш.

Ассоциация фаолиятининг асосий молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

ихтиёрий аъзолик асосида қурилиш-пудрат ташкилотларидан олинадиган бадаллар;

қурилиш-пудрат ташкилотлари билан тузилган шартномага мувофиқ кўрсатиладиган хизматлар учун тўланадиган маблағлар;

халқаро молиявий институтлар, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг грантлари доирасида келиб тушадиган маблағлар;

ўз маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид