21:38 / 25.09.2019
0
43288

Тошкентни яёв кезганда: пойтахтнинг диққатга сазовор янги жойлари

16-22 сентябрь кунлари Европа давлатларида анъанавий равишда мобил ҳафталик сифатида ўтказилади. Кенг масштабли мазкур кампания жамоатчилик эътиборини автомобиллар сонининг ортиб кетаётганлигига қаратиш, одамларни яёв юриш ёки велосипеддан фойдаланишга даъват қилишни мақсад қилади. Бу ҳам соғлом турмуш тарзи тарғиботи, ҳам экологияни асрашни назарда тутади.

Жорий йилнинг мазкур саналарида Тошкент шаҳрида ҳам илк маротаба Европа мобил ҳафталиги бўлиб ўтди. Ушбу ҳафталик 19 сентябрь ─ метродан бепул фойдаланиш куни ҳамда 22 сентябрь ─ автомобилсиз кун билан ёдда қолди.

Йилнинг фақатгина муайян саналарида эмас, балки доимий равишда пиёда ҳаракатланишни тарғиб қилиш, автомобилдан фойдаланишни камайтиришни ташвиқ қилиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ОАВ вакиллари учун пресс-тур уюштирди. Пресс-тур давомида Тошкент шаҳрида қад кўтарган янги, диққатга сазовор, кечки сайрбоп жойлар билан таништирилди.

Бутун республика бўйича саёҳатми? Унда “Наврўз” боғига!

Тошкент шаҳри марказида қад ростлаган янги “Наврўз” боғи ўзбек миллий қадриятлари билан яқиндан танишиш учун қулай жой ҳисобланади. Боғ ўзига хос оригинал композиция асосида бунёд этилган: Ўзбекистоннинг ҳар бир вилояти билан номланган “мини кўча”ларда ҳовли-жой комплекси қурилган бўлиб, ҳар бир ҳовли ўша вилоятнинг тарихий манзараси, урф-одатлари, маҳаллий либослари, ҳатто дастурхонни безатиш услубигача намойиш қилади. Унда қорақалпоқларнинг ўтовларидан тортиб, Хива хонларининг хонақоҳларигача кўриш мумкин.

Шунингдек, соф миллий руҳда қурилган устахоналарда ҳунармандчилик намуналарини нафақат тайёр ҳолида кўриш, балки шедеврларнинг қўл меҳнати билан яратилиш жараёнини ҳам бемалол кузатиш имконияти мавжуд. Боғ марказида маданий тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган амфитеатр ҳам мавжуд.

“Наврўз” боғи ўзбек ҳаётининг ўрта асрлардаги маданий ҳаётини яқиндан томоша қилиш имконини беради. Ҳам тарихий билимларингиз ортади, ҳам оёқлар чигалини ёзиб оласиз.

Эйфелдан тортиб, қулаётган Пизагача ─ River Park

Олмазор туманидаги Дамашқ канали бўйида янги River Park очилган. “Наврўз”да ўзбек миллий архитектураси билан танишган инсон, River Park’да жаҳонни лол қолдирган биноларнинг макетини кўриши мумкин бўлади. Дамашқ канали соҳили бўйлаб чўзилган боғда Пиза, Биг Бен, Эйфел, Минорайи Калон каби биноларнинг кичрайтирилган моделлари ўрнатилган.

Мазкур истироҳат боғи нафақат маданий ҳордиқ учун, балки ижтимоий-иқтисодий муҳитни яхшилашга ҳам хизмат қилади. Хусусан, боғ ҳудудида овқатланиш шохобчалари, коворкинг марказлари бунёд этилган. Бу эса аҳолининг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшади.

Сузук ота мажмуаси ─ ҳам зиёрат, ҳам тижорат

Пойтахтнинг Самарқанд дарвоза мавзесида жойлашган Сузук ота зиёратгоҳи яқин пайтгача маҳаллий аҳоли учун ҳам номаълум бўлиб келган. 2017 йилдан бошлаб қайта тиклаш ишлари олиб борилган мазкур мажмуа жорий йилнинг Рамазон мавсумида фойдаланишга топширилган. Мажмуа жомеъ масжиди, музей, кутубхона, Сузук ота мақбарасидан иборат. 8 гектар майдонни айланиш чоғида зиёратни амалга ошириш, томошабоп жойларни кўриш мумкин. 

Тарихий манбаларга қараганда, Сузук ота Аҳмад Яссавийнинг неваралари ҳисобланади. Асли исмлари Мустафоқул бўлиб, ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланганлар. Шу боис Сузук ота ҳунармандларнинг пири сифатида эъзозланади. Шу билан боғлиқ равишда, Сузук ота мажмуасининг ён томонида ҳунармандлар маҳалласи тикланган. Бу маҳаллада 30 нафар ҳунармандга устахонаси ўзида бўлган уй-жой қилиб берилган. Ҳунармандлар ўз уйларидан узоқлашмаган ҳолда машғулотлари билан шуғулланишлари мумкин. Бу ҳудуд меҳмонларнинг зиёрат ва ибодат билан бирга ҳунарманд оилалар турмуши билан танишиш, ҳунармандчилик намуналарини харид қилиши учун ҳам диққатга сазовор саналади.

Саодат Абдураҳмонова

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top