Жамият | 20:54 / 27.09.2019
18190
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда «тез тиббий ёрдам» ҳайдовчилари ўз раҳбаридан норози

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли махсус ва тез ёрдам автохўжалиги ҳайдовчиларининг хўжалик раҳбаридан норозилиги интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Маълум бўлишича, ушбу муаммо юзасидан Қашқадарё вилоят ҳокими ўринбосари Сирожиддин Азизов соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари билан биргаликда мулоқот ўтказган ва унда 200 нафарга яқин ҳайдовчи қатнашган. Бу ҳақида вилоят ҳокими ўринбосари биз билан суҳбатда тасдиқлади ва муаммо юзасидан маълумот берди.

«Асосий муаммо — раҳбардан норозилик. Ҳайдовчилар ўзларига нисбатан ноҳақлик қилинаётганидан шикоят қилишган. Масалага ечим топиш мақсадида махсус ва тез ёрдам автохўжалиги ҳайдовчилари иштирокида йиғилиш ўтказдик. Шу кунларда хўжалик раҳбарининг ишда қолиш-қолмаслиги масаласи тегишли ташкилотлар томонидан кўрилмоқда. Тез орада муаммо ечим топади», – дейди Сирожиддин Азизов.

Шунингдек, хўжалик ҳайдовчилари кадрлар масаласида ҳам ноҳақликлар бўлаётганлиги, қўшимча ишчилар олиши оқибатида ойлик маошлари камаяётганлигидан шикоят қилишган.

Фото: Daryo.uz

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида махсус ва тез ёрдам автохўжалиги кадрлар бўлими бошлиғи Зарина Холиқовадан изоҳ сўрадик, у эса мутасадди бошлиқ рухсатисиз ҳеч қандай саволга жавоб беролмаслигини билдирди.

«Раҳбаримиз «ким келса ҳам менинг рухсатимсиз бирор маълумот берманглар, деб тайинлаган. Шунинг учун сизнинг саволларингизга жавоб беролмайман. Бошлиғимиз рухсат бериши керак», — деди З.Холиқова.

Ўрганиш давомида автохўжалик раҳбари Наим Халилов билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади. Телефон орқали боғланишларимиз жавобсиз қолди.

Автохўжалик бош муҳандиси Ҳамза Қодировнинг бизга маълум қилишича, автохўжалик раҳбари Н.Халиловнинг соғлиги ёмонлашиб, шифохонага ётган.

Мазкур масала юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов биз билан суҳбатда бу ҳолат прокуратура органлари томонидан ўрганилаётгани, якуни бўйича хулоса қилинишини билдириб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, «Дарё» нашри Қашқадарёдаги «тез тиббий ёрдам» ҳайдовчилари ўз раҳбарлари ишдан бўшатилишини талаб қилишаётгани ҳақида ёзиб чиққан эди.

Фото: Daryo.uz

32 йилдан бери ҳайдовчилик қилаётган Бўри Суяровнинг айтишича, раҳбариятнинг ноҳақлиги жонга тегган. «Яқинда ойликларимиз ошди. Энди хурсанд бўлган пайтимиз автохўжалик раҳбарияти битта автомобилни бошқараётган 4 нафар ҳайдовчи ёнига бешинчи ҳайдовчини ҳам ишга олмоқда. Натижада ошган ойликларимиз яна камайди», — деган у.

«Kun.uz» ҳам воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири.

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид