Ўзбекистон | 08:00 / 28.09.2019
24202
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишнинг турлари аниқ белгилаб қўйилади

Фото: KUN.UZ

2019 йил 27 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар давлат ва жамият қурилишининг муҳим соҳалари, фуқароларнинг қонуний манфаатларига қаратилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди.

Фракция йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тартиб-таомиллари либераллаштириш, болаларнинг фуқаролик соҳасидаги ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва фуқаролик масалалари бўйича турли низоларнинг олдини олишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатда 33 миллиондан ортиқ фуқаро, шунингдек, 95 857 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда 14 365 нафар чет эл фуқароси доимий истиқомат қилмоқда. Ўтган давр мобайнида жами 8 249 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс мамлакат фуқаролигига қабул қилинган.

Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, амалдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун 27 йил аввал қабул қилинган бўлиб, маънан эскирган ҳамда бугунги кунда мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар талабларига жавоб бермайди. Шу мақсадда лойиҳани қабул қилиш орқали мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этилади ҳамда мазкур соҳадаги мавжуд қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар ижобий ечимини топади.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида “яшаш гувоҳномаси”, “текширув варақаси”, “хорижий давлат фуқароси”, “фуқаролиги бўлмаган шахс” ва бошқа шу каби асосий тушунчаларга шарҳ берилмоқда ва ягона фуқаролик, тенг ҳуқуқлилик, фуқаросизликни қисқартириш ва очиқлик каби принциплар мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишнинг турлари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Айниқса, туғилган жойи ва ота-онасининг фуқаролиги бўйича хорижий давлат фуқароси ҳисобланган болаларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тартиби белгиланиб, мамлакат фуқаролигига қабул қилиш шарти сифатида давлат тилини мулоқот учун етарли даражада билиш бўйича талаблар мустаҳкамланмоқда.

Йиғилишда муҳокама этилган қонун лойиҳалари бўйича депутатларнинг таклиф ва муносабатлари билдирилди ҳамда фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид