Содиқ Сафоев: «Ўзбекистон парламентига ҳали профессионализм етишмаяпти»
Ўзбекистонда кўп йиллар мобайнида парламент бюджетни шакллантириш ва назорат қилиш жараёнидан четлашди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев айтиб ўтди, деб хабар бермоқда Uzbek Review
“Номига, қандайдир агрегатлашган умумий рақамларни бериб, уларга автоматик равишда овоз бериш орқали парламент ўзини кўрсатарди ва ўз функциясини бажарган бўларди. Бугунги кунда парламентда бюджетни кўриб чиқиш ойлаб кетяпти - ҳукумат парламентнинг ҳар бир қўмитасида ҳар битта рақамни ҳимоя қилиши керак. Шундан сўнг бюджет танқидий мулоҳазалар билан ёки тасдиқланяпти, ёки тасдиқланмаяпти”, - деди С. Сафоев.
Унинг айтишича, ички цензура бизнинг парламентга ҳам хос.
“Ўтмишнинг инерцияси, ўтмишда ўрганиб қолинган ёндашувлар, қарашлар, ҳар бир масалани олдин келишиб, рухсат олиб қилиш замони ўтиб кетган. Албатта, бугунги парламентимиз ўзгариши керак. Довюракроқ, жасоратлироқ бўлиши ҳамда халқ олдидаги масъулиятини тўла сезган ҳолда халқнинг келажагига хизмат қиладиган бўлиши лозим”, - дейди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.
Бироқ, Содиқ Сафоевнинг сўзларига кўра, ҳозир парламент ҳақида жуда ҳам кўп танқидий фикр билдириш керак эмас. Сабаби, билдирилишича, сўнгги уч йил ичида парламентнинг роли ўзгарган.
“Солиқ кодексини ишлаб чиқишда ҳам парламентарийлар, сенаторлар четда тургани йўқ. Бу ерда ҳар бир йўналишда ишчи гуруҳлар тузилади ва парламент аъзолари ёки у ерда иштирок этади, ёки ўз ишчи гуруҳларини тузган ҳолда таклифларини илгари суриш, ёндашувларини аниқлаштириш учун ишларни олиб боради. Лекин, шу билан бирга, тан олиш керакки, Ўзбекистон парламентига ҳали профессионализм етишмаяпти”, - деди у.
Мавзуга оид
10:21 / 25.11.2024
Президент парламент мажлисидаги нутқида энг кўп қайси сўзларни ишлатди?
11:58 / 20.11.2024
Шавкат Мирзиёев: парламент ва ҳукумат ўртасидаги муносабат қарама-қаршиликка эмас, конструктив мулоқотга асосланиши зарур
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
14:26 / 16.11.2024