Ўзбекистон | 18:46 / 02.10.2019
7803
5 дақиқада ўқилади

Кексаларнинг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллиги янада ошадиган бўлди

27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 816-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1990 йил 14 декабрдаги резолюцияси билан эълон қилинган “1 октябрь - Халқаро кексалар куни”ни ҳар йили мамлакатимизда муносиб  нишонлаш мақсадида октябрь ойининг биринчи ҳафтаси “Кексалар ҳафталиги” этиб белгиланди.

Шунингдек, ҳужжат билан ҳафталикни юқори савияда ташкил этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.  

2019 йил 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, барча маҳаллаларда  “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ташкил этилган эди.

Вазирлар маҳкамасининг юқоридаги қарорида ушбу “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари тўғрисидаги намунавий низомнинг тасдиқланиши кексаларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ва бартараф этиш, кекса авлод вакилларииннг бой ҳаётий тажрибасидан оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда кенг фойдаланиш, уларнинг юртимизда кечаётган жадал ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишларини таъминлашга хизмат қилади.

“Кексалар маслаҳати” гуруҳларининг энг фаол аъзолари мунтазам равишда “Меҳнат фахрийси”, “Мўътабар аёл” ва “Маҳалла ифтихори” каби кўкрак нишонларига тавсия этилиши эса хайрли амалларга куч ва қанот бағишлайди.

Ҳафталик доирасида Адлия вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Тошкент давлат юридик университети масъуллигида “Кексалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид халқаро шартномалар ва Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тўплами”нинг нашрга тайёрланиб, чоп этилиши соҳага халқаро илғор тажрибаларнинг жорий этилиши ва кекса авлод вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларининг муносиб ҳимояланишига замин яратади.

Ҳафталик доирасида кексалар ҳамда фахрийлар учун байрам тадбирлари ташкил этилади. Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож қатлам учун тор мутахассислар ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт шифокорларидан иборат таркибда “Тиббиёт автобуси” ташкил этилиб, улар кексаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади.

         Ҳафталик давомида кекса авлод вакилларининг театр ва музейларга, тарихий шаҳарлар ва зиёратгоҳларга ташрифлари имтиёзли тарзда ташкил этилиши белгиланган.

“Ҳар куни 5 минг қадам” шиори остида ўтадиган пиёда юриш марафонлари ҳам кексалар саломатлигини сақлашда муҳим омил бўлади.

Ҳафталик давомида ўтказилиши режалаштирилган “Кексалик — ҳаётнинг ажиб фасли мавзуидаги кўргазма ёшу қарига кексалик комиллик фасли, инсон ўз қилган меҳнатларининг мевасини, роҳатини кўрадиган даври эканини, шунинг билан бирга, умрнинг ҳар дами ғанимат эканини, ҳар бир кунни яхшиликлар, эзгуликлар йўлига сарфлаш зарурлигини эслатади.

 “Кексалар ва фахрийларга эътибор ва уларнинг муаммолари ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги” мавзусида ўтказиладиган илмий-амалий семинар йўналишдаги муаммоларга асосли ечим топишда қўл келади.

Лойиҳалар орасида “Бобом, бувим ва мен китобхон” шиори остидаги китобхонлик акциялари қизиқарли ўтишини тахмин қилиш мумкин. Боиси орамизда китоб мутолаасига меҳр қўйган оилалар кўп. Улар орасидан энг китобхонларини аниқлаш ва рағбатлантириш ишлари амалга оширилади. 

Қолаверса, “Муваффақиятли кексаликнинг 50 кафолати” номи остида кекса авлод вакиллари ўқиши учун тавсия этиладиган 50 номдаги китоблар ҳам кексаликни мазмунли ўтказишга, ушбу даврга қадам қўйган кишиларда турли руҳий тушкунлик ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилувчи муҳим асос бўла олади.

Маҳаллаларда “Кекса авлод — оилавий ажримларга қарши!”, “Биз бор жойда жиноятга ўрин йўқ!” шиорлари остидаги маънавий тарғибот тадбирлари юртимиздаги ижтимоий муҳит барқарорлигига ҳисса қўшиши аниқ.

Яна бир муҳим масала - ҳафталик доирасида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда кекса авлод вакиллари ўртасида социологик сўров ўтказилади. Ушбу сўровда кексаларга хос умумий ва шахсий муаммолар; ҳудудларда кексаларнинг турмуш сифати ва даражаси; ижтимоий ҳимоянинг манзилли олиб борилаётгани; тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатадиган ходимлар сони ва хизматлар сифати; кекса кишиларга ижтимоий хизмат кўрсатиладиган ҳудудий ижтимоий ҳимоя инфратузилмаси самарадорлиги ва бошқалар назарда тутилади.

Сўров натижалари кексаларга хос муаммоларнинг олдини олиш, амалдаги нормативлар доирасида кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам, тиббий-ижтимоий хизматларнинг сифати ва даражаси, иқтисодий харажатларнинг етарлилигини баҳолаш ҳамда мавжуд нормативларга ўзгартиришлар киритиш эҳтиёжини аниқлашга хизмат қилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид