Ўзбекистон | 12:51 / 06.10.2019
3627
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон йўловчи вагонлари парки 5 йил ичида 80 фоизгача янгиланади

Тошкент йўловчи вагонларини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш заводи 2025 йилгача 300та янги вагонларни эксплуатацияга топширишни режалаштирмоқда.

Режа бажарилган тақдирда, бу орқали Ўзбекистон йўловчи темирйўл составининг 70-80 фоизи янгиланишига эришилади. 

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ расмий сайтида маълум қилинишича, 2019 йил охирига қадар йўловчи вагонлари парки 55та янги вагон билан тўлдирилади.

«O’ztemiryo’lyo’lovchi» вагонларини янгилаш концепциясига асосан, йилига турли типдаги камида 50та янги вагон тайёрлаб етказилади. Ваҳоланки, 2009-2018 йиллар давомида йилига ўртача 18та янги вагон таркибга қўшиб келинган.

«Умуман олганда, ҳар йили ўзимизда ишлаб чиқарилган бундай кўп сонли вагонларни қабул қилиб олиш – бу катта натижа. Йўловчи темирйўл транспорти хўжалигини ривожлантириш ва темирйўл транспортида йўловчилар ташуви ҳажмини ошириш учун мавжуд барча имкониятларни ишга соламиз», – дейди «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖнинг Маркетинг ва инновацияларни жорий этиш бўйича директори Суннатулло Ҳамидов.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид