Жаҳон | 00:50 / 07.10.2019
58838
12 дақиқада ўқилади

Корея кундалиги. Ҳайдовчилик гувоҳномасини атиги бир кунда олиш мумкин, лекин...

Жанубий Кореяда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартиби, жараёнда кўп учрайдиган муаммолар ва мавзуга оид тавсиялар ҳақида Kun.uz'нинг Жанубий Кореядаги мухбири Элдор Воҳидов «Корея кундалиги» рукнидаги навбатдаги мақоласида сўз юритади.

Жанубий Кореяда хорижликлар ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш борасида ҳудди маҳаллий аҳоли каби тенг ҳуқуқ ва мажбуриятга эга. Бунинг учун бир нечта босқичлардан ўтиш талаб этилади.

Автомактабга қатнаш мажбурий эмас

Ҳайдовчилик гувоҳномасини 18 ёшдан ошган фуқаролар олиши мумкин. Лекин бу – ўта мураккаб, қийин жараён. Шу билан бирга, агар ҳамма синовлардан ўта олсангиз, гувоҳномани бир кундаёқ қўлга киритишингиз мумкин.

Имтиҳонга кириш учун автомактабда махсус курсларда ўқиш талаб этилмайди. Билим ва кўникма етарлича бўлса, ҳеч қандай қўшимча курсларсиз имтиҳонда қатнашиш мумкин.

Кўпчилик корейслар тестдан муваққиятли ўтиб олиш учун имтиҳондан олдин 3 кунлик дарсга боришни афзал билади. 3 кунлик дарс – тахминан 700-800 доллар.

 

Имтиҳон

Имтиҳонга киришдан олдин талабгорнинг кўз нури текширувдан ўтказилади. Талабга жавоб берган тақдирда, қолган жараёнларга ўтилади.

Имтиҳон уч босқичдан иборат:
1. Назарий тест (Writing test)
2. Амалий синов (Driving test)
3. Ҳал қилувчи реал амалиёт (Road test)

Ҳар бир имтиҳон учун алоҳида пул тўланади ва тест санаси белгиланади.

Тестга киришдан олдин мажбурий 1 соатлик дарсда қатнашиш керак. Синфхонага махсус бланкани тўлдириб, бармоқ излари орқали рўйхатга олинган ҳолда кирилади.

1. Назарий тест ($7)

Тест бўлиши режалаштирилган компьютерхонада мобил телефондан фойдаланганлар жиноий жавобгарликка тортилар экан. Шунинг учун ичкарида суратга олишнинг имкони бўлмади.

 

Ёзма тестни корейс тилидан ташқари инглиз, хитой, француз, немис ва япон тилларида ҳам топшириш мумкин. Инглиз тилини танлаб, йўриқномани ярмигача ўқиб олиб, тестга кириб кетавердик.

Тест 40та саволдан иборат. Ундан ўтиш учун 100дан камида 60 балл тўплаш керак.

Саволлар анчагина мураккаб эди. Ўзга давлат қонунчилиги ва йўл ҳаракати қоидалари бўйича топшириқлар сурат ва видеотасвирларда ҳавола этилган. Кутилганидек, илк имтиҳондан йиқилдик, аммо натижа ёмон эмас – 50 балл.

Муваффақиятсиз кечган тестдан сўнг уйга қайтдик, интернет орқали излаб топганимиз – ҳақиқий «х вариант» бўлди. 1000та савол-жавоби билан.

Умуман, ушбу тайёр савол-жавоб тестлари тегишли идора томонидан тайёрланиб, гувоҳнома олиш истагида бўлганлар учун фойдаланишга чиқарилган.

 

Хуллас, иккинчи уришинишда омад чопиб, минимум 60 балл тўплашга эришдик. Кўк муҳр босилди, илк муваффақият!

Ўша куннинг ўзидаёқ кейинги босқич – «драйвинг тест»га рўйхатдан ўтган ҳолда, амалий синов учун тайёргарликка киришдик.

2. «Driving test» - махсус майдончадаги амалий синов ($15)

Ҳақиқий «челленж» мана шу босқичда бошланди. Жами 6 марта йиқилишга мажбур қилган тест бир қарашда оддийдек, лекин осон эмас.

Дастлаб 15 дақиқалик тушунтириш ишлари олиб борилади, махсус тайёрланган видеоролик қўйиб кўрсатилади.

Учта босқич орасидаги энг мураккаб бўлгани, шубҳасиз, амалий тест жараёнлари бўлди. Синов майдончасида, махсус нимчани кийган ҳолда, тахминан 10 дақиқалик синов амалиётини бажариш лозим.

Тест машинаси салонига қўшимча равишда кичик монитор ва ҳалокат сигналини берувчи мослама ўрнатилган ва тўлиқ автоматлаштирилган. Нотўғри хатти-ҳаракат бажарилган пайтда автомат тарзда балл ечиб бораверади.

Рулга ўтишингиз биланоқ, олд кўзгу, ён ойналар ва ўриндиқни мослаб олиш тавсия этилади. Назоратчиларнинг кўрсатмаси билан имтиҳонга старт берилади.

Тўртта синов

Тест синовида қийинчилик туғдириши мумкин бўлган 4та машқ бор: Тепалик, фавқулодда ҳолат, парковка, тезликни ошириш.

Автомобилни ўт олдиришдаги хато учун ҳам имтиҳондан четлатилганлар етарлича топилди. Машина юргунга қадар ҳам имтиҳон бор: олд фараларни ёқиш ва ўчириш, ойнаартгични ишлатиш, узатмалар қутисидан фойдаланиш... Қўзғалиш ва тўхташдан олдин бурилиш ишорасини беришни ҳам унутмаслик керак.

100дан 80 ва ундан юқори балл тўплай олганлар имтиҳондан ўтган, деб ҳисобланади. 

Умуман олганда, баллар тўпланмайди. Ҳар бир қатнашчига умумий ҳисобда 100 балл берилади ва қоида бузилганида маълум балл ечиб олинаверади. Жарима баллари миқдори қоидабузарликнинг катта-кичиклигига боғлиқ бўлади.

Автомобилда ҳайдовчининг ёлғиз ўзи ўтиради. Кўрсатмаларни машина салонига ўрнатилган автодиспетчер бериб боради. Тилларни танлаш имконияти бор. Инглиз тилида берилаётган кўрсатмаларни тўлиқ англаш бироз мушкул, шунинг учун баъзида кичик монитордаги матн шаклидан ҳам фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Юқорида айтилганидек, бу босқичда асосий 4та челленжни кўриш мумкин.

1. «Айтгандим-а шу тепаликка чиқмайлик деб…» – дўнгликдаги шарт

Энг биринчи дуч келинадиган жиддий шарт – дўнгликка кўтарилиш ва уч сония тўхтаб, яна юришда давом этиш. Мураккаблиги шунда бўлдики, узатмалар қутиси механик бўлган машиналар учун ҳам қўл тормозидан фойдаланиш дисквалификацияга сабаб бўлар экан. 3 сония ўтиб, яна қўзғалаётганда машина 50 сантиметрдан кўп ортга юриб кетган тақдирда балл олиб қўйилади.

Ҳаваскор ҳайдовчи бўлганим боис деярли ҳар сафар шу тепаликка кўтарилгач, бир маротаба машинани ўчириб олмасам, ўта олмадим… Бунинг учун ҳам жарима баллар бор, албатта.

2. «Тўлбал, тўлбал, тўлбал» – фавқулодда вазиятларда тезкорликни синовдан ўтказиш

Майдончага кирдингизми, бу синовга шай туришингиз керак. Имтиҳон олувчилар томонидан исталган вақтда «Тўлбал, тўлбал, тўлбал», яъни ҳалокат сигнали берилиши мумкин. Бундай вазиятда зудлик билан машинани тўхтатиш (2 сония) ва фавқулодда ҳолат тугмасини босиш (3 сония) сизни балл йўқотишдан асраб қолади.

Бироқ, бу шартларни бажарсам ҳам, ҳар гал қимматли 10 балл қулоғини ушлаб кетаверди. Кейин билсам, машинани қайта юргизишдан олдин кечиктирмасдан фавқулодда ҳолат тугмасини қайта босиб қўйиш керак экан.

3. «Парковка» – имтиҳон топширувчининг ашаддий душмани

Бу борада биз каби дебютантлар кўп шикоят қилмаса ҳам бўлади, чунки катта тажрибага эга ҳайдовчилар ҳам айнан шу жойда панд ейишгани бор гап. 2 дақиқа ичида боши берк кичик кўчада автомобилни орқа томони билан автотураргоҳга жойлаб, яна қайта олиб чиқиб кетиш талаб этилади.

Йўл четидаги сариқ чизиқни босиш – энг кўп учрайдиган хатолардан. Бунинг учун жарима – 15 балл.

Айнан шу жойда 4 марта имтиҳонни тарк этишимга тўғри келди. Бир гал вақт тугаб қолган бўлса, кейинги сафар сариқ чизиқни бегона қилмай босиб ўтдик. Бир ватандошимизнинг ёрдами билан тунда унинг машинасида автотураргоҳга жойлаш режасини тузиб ҳам чиқдик ҳатто.

Шахсан мен қилган хатолардан бири – механик мосламанинг орқага юргизувчи узатмасини эътибордан четда қолдирганим бўлди. Мен ўрганган машина бироз эски бўлгани учун тест автомобили узатмалар қутисига мослашиб олишим қийин кечди ва вақтдан ютқаздим.

4. Тезликни ошириш

Бу шартни фақатгина бир марта бажариш «насиб қилди», яъни имтиҳондан муваффаққиятли ўтган кунимда. Боиси майдончадаги энг охирги дуч келишингиз мумкин бўлган хавфли синов – айнан шу. 

Бунда автомобиль тезлигини 20дан оширган ҳолда тахминан 40 метрча ҳаракатланиш талаб этилади. Бир қарашда оддий, лекин шу шартда ҳам 10 балл жарима сифатида олиб қўйилди. Сабаб – етарли даражада эътиборли бўла олмаслик оқибатида белгиланган масофани босиб ўтмай туриб, тезликни камайтирганим.

Хуллас, имтиҳоннинг иккинчи босқичи мен учун аввалига энг оддий туюлгани, аслида эса энг мураккаб бўлиб чиққани билан ёдимда қолди. Ундан ўтиш учун 7 марта уринишимга тўғри келди.

Имтиҳон якунига етиши учун ҳал қилувчи босқич ҳали олдинда турган бўлса-да, ҳозирги ғалаба билан Кореяда 1 йил мобайнида машина ҳайдашга рухсат берилар экан. Шарти – ҳайдовчига ёнида камида 2 йиллик тажрибага эга бошқа бир ҳайдовчи ҳамроҳлик қилиши керак.

3. «Road test» – катта кўчадаги ҳал қилувчи босқич ($20)

Бу босқичда имтиҳон топширувчи машинада ёлғиз қолдирилмайди. Бахтга қарши бошқа иштирокчиларнинг амалиётини кузатиш насиб этмади.

Бироз бўлса-да ишонч билан ҳаракатни бошлагандим, лекин катта кўчага чиқишга улгурмай имтиҳонни тугатишга тўғри келди – қизил чироқни пайқамай қолибман. 

Реал ҳаётдаги автомобиль бошқаруви – махсус майдончадаги синовлардан сезиларли даражада осонроқ. Светофор чироқларига эътиборли бўлинса бас. Имтиҳондан ўтиш учун якуний балингиз 70дан юқори бўлиши керак.

Майда жиҳатлардек кўринган, лекин муҳим саналувчи ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун катта-катта балл олиб ташланади. Учинчи уринишда деярли хато қилмадим ва масъул ходим ҳужжатимга кўк муҳрни босиб берди. Ана энди эркин нафас олиш мумкин эди, ғалаба!

Аслида, бир кунда иш битиши мумкин эди…

Афсуски, ўша куннинг ўзида гувоҳномани олиб кетиш насиб қилмади. Паспорт олиб бориш хаёлдан кўтарилган экан. Эртаси куни сурат, паспорт ва Корея ID картасини олиб бордим.

Атайин соатга қараб турдим: 6 дақиқа ичида менга Жанубий Корея ҳайдовчилик гувоҳномасини топширишди.

Машина ҳайдашда деярли ҳеч қандай тажрибам бўлмагани боис гувоҳнома олишим учун 2 ой вақт керак бўлди. Якуний ғалабага учун учта босқичда жами 13 марта уриниб кўришимга тўғри келди.

Ҳар гал имтиҳондан йиқилиб, қайта топшириш учун ариза топшираётганда яна алоҳида тўлов қилинади. 2 ойлик умумий харажатим – йўлкира билан бирга чамаси 220 долларга етди.

Жанубий Корея ҳайдовчилик гувоҳномасининг хорижда амал қилиши

Ҳужжат халқаро ҳайдовчилик гувоҳномаси сифатида 35та давлатда ҳеч қандай қўшимча қоғозбозликсиз амал қилади. Австралия, Буюк Британия ва Канада шулар жумласига киради. Гувоҳнома 10 йил муддатга берилади.

Айрим маълумотларга кўра, Жанубий Корея ҳайдовчилик гувоҳномаси 97та давлатда тан олинади.

Ўзбекистонда олинган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан Кореяда автомобиль бошқариш мумкин

Ўзбекистон фуқаролари ўз юртларида олган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан Кореяда машина ҳайдаш учун гувоҳномани корейсча вариантга алмаштириб олишлари керак.

Кореяда ўқиётган талаба танишларимдан бири бу иш 3-4 соатда ҳал бўлишини айтганди.

Гувоҳномаси йўқ, бирйўла Кореяда автомобиль бошқаришга рухсат оламан, деб ният қилганлар тайёргарликка жиддий ёндашганлари маъқул. Мингталик тестни ёд олиш, машинада синов машқларига тайёргарлик кўриш тавсия этилади.

Агар молиявий имконингиз бўлса, автомактабга қатнашингиз ҳам мумкин. Лекин энг ҳамёнбоп усул – видеокурслар орқали билим олиш ва хавфсиз майдончада тажрибани ошириш.

Элдор Воҳидов,
Kun.uz'нинг Жанубий Кореядаги мухбири.

P.S. «Корея кундалиги» рукнидаги навбатдаги мақола билан чет эллик талабаларнинг Кореяда қонуний ишлаши билан боғлиқ масалалар ва виза турини ўзгартиришдаги муаммоларни ёритиш режалаштирилган.

Рукндаги туркум мақолалар:

Корея кундалиги. Ўқишга жўнаб кетишнинг илк таассуротлари

Видео: Жанубий Кореяда метро Ўзбекистондагидан қанчалик фарқли?

«15 соатлик иш куни, корейс ошхонаси ва ўзбек шоввозлари». Корея орзусининг иккинчи томони

Корея кундалиги: Ўзбекларнинг муҳожирликдаги ҳаёти, ватан соғинчи, ўзбекча ўргатилган корейслар ва бошқалар ҳақида

Мавзуга оид