Ўзбекистон | 10:13 / 11.10.2019
19206
2 дақиқада ўқилади

Айрим ўқитувчиларга малака тоифаси тўғридан-тўғри бериладиган бўлади

Фото: ЎзА

Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Киритилаётган қўшимчаларга кўра, таълим муассасаларининг қуйидаги жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига малака тоифаси (лавозим) тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилиши белгилаб қўйилади:

туман (шаҳар) миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим муассасалари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);

вилоят миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим муассасалари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими);

халқаро ҳамда республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим муассасалари жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими).

Шунингдек, жисмоний тарбия ўқитувчилари учун амалий синовлар нормативлари Давлат инспекцияси, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан белгиланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид