10:24 / 11.10.2019
0
6244

«Ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Фото: Amel Emric / AP

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ҳайвонларни идентификация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳайвон эгалари, шу жумладан хўжаликлар, ҳайвондан олинган маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар, идентификация воситаларини ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар ҳайвонларни идентификация қилиш субъектлари ҳисобланади.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган (парваришланадиган) ва урчитиладиган қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя, ит, мушук, цирк ва ҳайвонот боғи ҳайвонлари, шунингдек, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонлар ҳайвонларни идентификация қилиш объектлари ҳисобланади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ҳайвонларни идентификация қилишни ташкил этиш;

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

давлат томонидан ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасидаги нормаларни белгилаш;

ҳайвонларни идентификация қилишда назоратни амалга ошириш;

ҳайвонларни идентификация қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақланаётган (парваришланаётган) ва урчитилаётган ҳайвонлар белгиланган тартибда идентификация қилиниши, рўйхатга олиниши ва сўйилганда (нобуд бўлганда), экспорт қилинганда рўйхатдан чиқарилиши мажбурийдир.

Идентификация қилинмаган ҳайвонлар, улардан олинган маҳсулот ва хом ашёлар импорт қилишга йўл қўйилмайди.

Идентификация қилинмаган ҳайвонлар ҳамда улардан олинган маҳсулот ва хом ашёларни реализация қилиш тақиқланади.

Шахсий эҳтиёж учун хонадонларда ҳайвонларни сақлашда уларнинг бош сонларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

Қорамол, қўй ва эчкилар, туяларнинг болалари туғилганидан ўн тўрт кундан кейин бир ойликдан кечикмасдан, қулунлар ва хўтиклар тўрт ойлигидан, чўчқа болалари бир ойлигидан, ит ва мушуклар уч ойлигидан идентификация қилинади.

Цирк ва ҳайвонот боғи ҳайвонлари фойдаланишга олинишидан олдин, шунингдек, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонлар босқичма – босқич идентификация қилинади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш давлат ветеринария хизмати томонидан амалга оширилади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

белгиланган тартибда ҳайвонларга индивидуал рақам бериш;

электрон ахборот тизимига ҳайвонлар идентификация қилинганлиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш;

ветеринария паспортини расмийлаштириш.

Ҳайвонлар эгаси алмашганда, шунингдек, бир ҳудуддан бошқа ҳудудга кўчирилганда идентификация рақамини сақловчи атрибут алмаштирилмайди ва бу бўйича электрон ахборот тизими ҳамда ветеринария паспортига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Сўйиш мақсадида импорт қилинган ҳайвонлар идентификация қилинмайди. Ушбу ҳайвонлар келтирилган вақтдан бошлаб етти календарь кунида сўйилиши шарт.

Ҳайвонлар турларига қараб индивидуал рақам бериш қуйидаги икки усул орқали амалга оширилади:

визуал ва электрон биркалаш усули – қорамол, қўй ва эчки, туя, чўчқа ва бошқаларнинг қулоғига биркаларни тақиш орқали амалга оширилади ва у ҳайвонларнинг яшаш даври давомида олинмайди;

электрон микрочип ўрнатиш (электрон идентификация) усули – ҳайвонларнинг барча турларига қўлланилиши мумкин.

Визуал биркаларнинг идентификация рақамлари қуйидаги ўн иккита белгидан иборат бўлади:

биринчи ва иккинчи белги – Ўзбекистон Республикасининг ҳарфли UZ (литер) коди;

учинчи белги – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳарфли коди;

тўртинчи белги – ҳайвонлар турининг рақамли коди;

бешинчи белгидан ўн иккинчи белгигача – саккиз хонали рақамдан иборат ҳайвонларнинг индивидуал рақами.

Электрон биркаларда идентификация рақамлари халқаро тартибга мувофиқ рақамлардан иборат бўлади.

Ҳайвонни эгалигига олганида етти кун ичида, қорамол, қўй ва эчкилар, туяларнинг болалари туғилганидан ўн тўрт кундан кейин бир ойликдан кечикмасдан, қулунлар ва хўтиклар тўрт ойлигидан, чўчқа болалари бир ойлигидан, ит ва мушуклар уч ойлигида яшаш жойи бўйича ҳисобга олинади.

Ҳайвонлар ҳисобга олинганидан сўнг унинг эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатга асосан ветеринария паспорти расмийлаштирилади.
Идентификация рақамини сақловчи атрибут ва ветеринария паспорти ҳайвоннинг яшаш даври давомида сақланади.

Ҳайвондан идентификация рақамини сақловчи атрибутни ечиш, ўзгартириш, бошқа ҳайвон идентификация рақамини сақловчи атрибут билан алмаштириш, ветеринария паспортига ўзбошимчалик билан ўзгартириш ва қўшимчалар, турли ёзувлар киритиш, шунингдек, нобуд бўлган (сўйилган, йўқ қилинган) ҳайвонларнинг идентификация рақамини сақловчи атрибут ва ветеринария паспортини сақлаш тақиқланади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top